Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Физика илм-фанини ривожлантириш истиқболлари
2022-10-05 | Фан
Наманганда Фарғона водийсида физика илм-фанининг бугунги куни ва янги йўналишларини ривожлантириш истиқболлари муҳокамасига бағишланган “Физика – 2022” II халқаро форуми ўтказилмоқда.
Наманган муҳандислик-технология институти ташаббуси билан Ўзбекистон Фанлар академияси, Республика Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Наманган муҳандислик-қурилиш институти ва Наманган давлат университети билан ҳамкорликда ташкил этилган халқаро илмий анжуманда Россия Федерацияси, Малайзия, Беларусь, АҚШ, Германия, Австралия, Франция, Замбия, Италия, Португалия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Корея, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг етакчи олий ўқув юртлари ректорлари, академиклар, профессор олимлар, физика фани бўйича илмий тадқиқот ишларини олиб бораётган 200 дан зиёд илм-фан намояндалари иштирок этмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимиздаги таълим муассасаларида физика фанини ўқитиш сифатини ошириш, таълим жараёнига замонавий ўқитиш услубларини жорий қилиш, иқтидорли ўқувчиларни саралаш, меҳнат бозорига рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш, илмий тадқиқот ва инновацияларни ривожлантириш, амалий натижадорликка йўналтиришга эътибор қаратилмоқда.
Наманган вилоятида физика соҳасида илм-фан ва таълимни ривожлантиришга оид долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни кенг жамоатчилик иштирокида таҳлил қилиш, таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро мустаҳкам интеграциясини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, физика йўналишидаги тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш, илмий ишланмаларни тижоратлаштиришда кўмаклашиш устувор вазифага айланди.
Форумда физика соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг ишлаб чиқариш билан узвий боғлиқлигини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларидаги муаммолар ечимига қаратилган илмий ишлар кўламини кенгайтириш борасида таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
– Ўзбекистонга яна келганимдан хурсандман, меҳнат фаолиятим давомида мамлакатингизда ишлаш насиб этган, – дейди Россия Федерациянинг Дубна шаҳридаги Бирлашган Ядро тадқиқотлари институти ядро реакциялари тадқиқоти лабораторияси етакчи илмий ходими Игорь Изосимов. – Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида физик олимлар билан дўстлашганман. Ўзбекистондаги ҳамкасбларимиз билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқаларимизни янада мустаҳкамлашга келишиб олдик.
Анжуманнинг дастлабки кунида Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, академик Беҳзод Йўлдошев Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларидаги ёш олимлар билан мулоқот ўтказди.
Халқаро форум доирасида вилоятдаги икки олий таълим муассасаси Наманган муҳандислик-технология институти ва Наманган муҳандислик-қурилиш институти ҳамда Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги ярим ўтказгичлар ва микро электроника институти, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Материалшунослик институти ҳамда Ўзбекистон Фанлар академиясининг физика-техника институтлари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Мазкур келишувларга асосан, олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларини биргаликда ўрганиш, халқаро фундаментал лойиҳаларда иштирок этиш режалаштирилган.
– Наманган муҳандислик-технология институти олимлари билан ҳамкорликда юпқа плёнкали фотоэлементлар тадқиқоти бўйича давлат фундаментал гранти асосида иш олиб боряпмиз, – дейди Малайзиянинг Малай университети етакчи профессори Абдулкарим Мохд Ароф. – Мазкур қуёш элементларини Ўзбекистон шароитида ишлаб чиқариш учун тавсиялар ишлаб чиқилмоқда. Европа ва шарқий Осиё мамлакатларида анча оммалашган ушбу манба ҳозирда кенг тарқалган муқобил энергиянинг асоси бўлган кремнийли элементдан қарийб уч баробарга арзон энергия манбаларини ишлаб чиқариши мумкин.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев
Манба: ЎзА