Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Венгрия: ўзаро манфаатли ҳамкорлик кўламини кенгайтириш йўлида
2022-10-04 | Сиёсат
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Венгрияда бўлиб турибди.
Венгрия - Ўзбекистоннинг стратегик шериги. Ушбу ташриф жорий йилда 30 йиллиги нишонланадиган икки томонлама ҳамкорлик тарихида янги босқични бошлаши кутилмоқда.
Замонавий босқичда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб бормоқда. Бунга сўнгги йилларда ўрнатилган олий даражадаги сиёсий мулоқотлар кўмаклашмоқда. Маълумки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил октябрь ойида Боку шаҳрида (Озарбайжон) бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг йиғилишида Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан учрашган эди.
2021 йил 29-30 март кунлари Венгрия Бош вазири Виктор Орбан расмий ташриф билан Ўзбекистонга келган ва унинг якунлари бўйича 10 дан ортиқ икки томонлама ҳужжатлар имзоланган эди.
Экспертларнинг баҳолашларича, Тошкентда ўтган олий даражадаги Ўзбекистон-Венгрия саммити ўз аҳамияти ва муваффақиятли натижалари билан тарихий воқеа ҳисобланади. Икки давлат раҳбарларининг музокаралари тўла қамровли давлатлараро мулоқотни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди. Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларация имзоланди. Шу тариқа Венгрия Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан ҳамкорликни сиёсий жиҳатдан энг юқори даражага олиб чиққан биринчи мамлакати бўлди.
Венгрия Бош вазирининг Ўзбекистонга буюрган ташрифи чоғида унга 30 дан ортиқ йирик миллий компаниялар вакиллари ҳамроҳлик қилди. Улар Қўшма ишбилармонлик кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этди, икки томонлама музокаралар ўтказди.
Эришилган келишувлар икки томонлама муносабатларга янги туртки берди. Муҳим битимлар минтақалараро ҳамкорлик, ядро энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида кадрлар тайёрлаш, инновацион ривожланиш, ирригация ва сув хўжалиги соҳасида ҳамкорлик масалаларидаги режаларни белгилаб берди.
Шунингдек, икки давлат етакчилари мунтазам равишда телефон орқали мулоқот ўтказишлари асносида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, эришилган келишувларни амалга оширишнинг бориши, кооперация лойиҳаларининг ҳаётга тадбиқ этилиши масалалари муҳокама қилинмоқда, шунингдек, долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан ўзаро фикр алмашилмоқда.
Олий даражадаги алоқалар сезиларли даражада фаоллашди, парламентлараро ришталар изчил ривожланмоқда. Икки мамлакат вакиллик органларида Дўстлик гуруҳлари фаолият кўрсатмоқда.
Икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида конструктив ҳамкорлик тобора ривожланмоқда. Бугунги кунга қадар вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларнинг тўрт давраси бўлиб ўтди. 2016 йилдан буён Тошкентда Венгрия элчихонаси фаолият юритиб келмоқда, мамлакатимизнинг Венадаги дипломатия миссияси бир вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг Венгриядаги манфаатларини ифода этмоқда.
Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюрди, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинди, муҳим икки томонлама ва кўп томонлама тадбирларда иштирок этди.
Жорий йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессияси доирасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ва Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Венгрия раҳбарларининг ўзаро ташрифлари якунлари бўйича қабул қилинган қарорларни амалга ошириш бўйича томонларнинг муштарак содиқлиги тасдиқланди.
Шу ўринда Ўзбекистон ва Венгрия БМТ, ЕХҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро институтлар доирасида муваффақиятли ҳамкорлик қилаётганини қайд этиш ўринлидир. Мамлакатларимизнинг глобал кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича нуқтаи назарлари яқин ёки бир-бирига мос келади, томонлар халқаро ташаббусларни илгари суришда бир-бирларини ўзаро қўллаб-қувватламоқда.
Савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги ҳамкорлик ҳам жадал ривожланмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги савдо-сотиқда энг қулай савдо режими ўрнатилган. Сўнгги 4 йил ичида Ўзбекистон-Венгрия савдо айланмаси ҳажми 2,5 бараварга ошди, ҳатто 2020-2021 йилларда ҳам пандемиянинг салбий оқибатларига қарамасдан бу борада ўсиш кузатилди. Шу тариқа 2021 йил охирига келиб мамлакатларимиз ўртасидаги товар айланмаси 114 миллион АҚШ долларидан ошди, жорий йилнинг олти ойи мобайнида эса қарийб 50 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
Ўзбекистонда Венгрия сармоядорлари иштирокида ташкил этилган 10 та корхона фаолият кўрсатмоқда, уларнинг олтитаси қўшма корхона, тўрттаси якка тартибдаги корхоналар ҳисобланади.
2013 йилдан буён Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссияси фаолият кўрсатмоқда. Унинг еттинчи йиғилиши жорий йил 3-4 май кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди. Йиғилиш давомида сармоявий, саноат, савдо-иқтисодий, банк-молия, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди ва келишиб олинди.
Ҳар икки давлатнинг умумий қизиқиш касб этадиган соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик кўламларини изчил кенгайтиришга бўлган интилишлари ўзгармасдир. Ўзбекистон ва Венгрия бозорлар ва савдо оқимларини диверсификация қилиш, кимё, озиқ-овқат, машинасозлик, фармацевтика ва тўқимачилик саноати маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмларини кўпайтириш учун салмоқли салоҳиятга эга. Томонлар инвестиция, савдо, туризм, молиявий-техникавий, маданий-гуманитар ва минтақалараро ҳамкорлик соҳаларида ўзаро шерикликни мустаҳкамлашга тайёрдир.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Венгрия Ўзбекистондаги бизнес фаолияти кўламларини кенгайтиришдан ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётининг қатор тармоқларида мавжуд бўлган салмоқли саноат салоҳиятидан манфаатдор. Бугунги кунга қадар юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва келажакда уларни учинчи мамлакатлар бозорларига экспорт қилиш мақсадида юқори технологияга асосланган ишлаб чиқаришларни яратишга қаратилган қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги илмий-маърифий, маданий-гуманитар алмашувлар тобора кенгаймоқда. Икки мамлакат олимлари материалшунослик, микроэлектроника, асбобсозлик, тиббиёт, фармакология, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳаларида илмий-техник ҳамкорлик бўйича кўп йиллик тажрибага эга.
Бухородаги вилоят ўлкашунослик музейида XIX асрнинг машҳур венгер шарқшунос олими ва сайёҳи Арминий Вамбери шарафига ёдгорлик лавҳаси ўрнатилган. Арминий Вамбери 1863 йилда Ўрта Осиёга сафар қилиб, Хива хонлиги, Бухоро амирлигида бўлган, Самарқандни зиёрат қилган. Саёҳатлари натижалари бўйича "Бухоро тарихи ёки Трансоксания қадим замонлардан то ҳозирги кунгача" ҳамда "Ўрта Осиё бўйлаб саёҳат" номли асарларини ёзган.
2018 йилдан бери Венгрия ҳар йили Ўзбекистон фуқароларига ушбу мамлакатдаги университетларда ўқиш учун стипендиялар тақдим этмоқда. 2021 йилдан бери ушбу стипендиялар сони 150 тагача етди. Университетлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик "Erasmus" лойиҳалари доирасида амалга оширилмоқда.
Тошкент шифокорлар малакасини ошириш институти ва Семмельвайс номидаги Будапешт тиббиёт университети ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи ишлаб чиқилмоқда. Тошкент ва Будапешт шаҳарлари, Фарғона вилояти ва Дабаш шаҳри ўртасида биродарлик ришталари ўрнатилди. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва Пештин вилояти мэрияси ўртасида амалий алоқалар йўлга қўйилган.
Жорий йилда ўтказилган Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг йиғилиши доирасида Сайёҳлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Ушбу келишувда ўзаро сайёҳлик оқимларини кучайтириш учун қулай шароитларни яратишга даъват этилган. Шуни ҳам қайд этиш керакки, 2018 йил февраль ойидан эътиборан Ўзбекистонда Венгрия фуқаролари учун соддалаштирилган виза режими амал қилмоқда.
Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Венгрия ўзаро ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга интилмоқда. Бунга икки мамлакатнинг салмоқли салоҳияти, уни ҳаётга тадбиқ этишдан муштарак манфаатдорликнинг мавжудлиги, ўзбек ва венгер халқлари ўртасидаги чуқур тарихий илдизларга эга бўлган ўзаро ҳамкорлик ва самимий дўстона алоқалар бўйича тўпланган тажриба бунинг учун яхши асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги