Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Глобал миқёсда ахборотдан эркин фойдаланиш ва соҳани рақамлаштириш имкониятлари таҳлили: ютуқлар ва муаммолар
2022-09-29 | Технологиялар
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамда ЮНЕСКО ҳамкорлигида ташкил этилган гибрид форматдаги халқаро конференциянинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирни Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, туризм ва маданий мерос вазири, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссиясининг раиси Азиз Абдуҳакимов очиб берди.
Абдуҳакимов ушбу нуфузли тадбирни Ўзбекистонда ташкил этилгани учун ЮНЕСКОга алоҳида миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, мамлакатда ахборот олиш эркинлиги, давлат органлари ва ташкилотларинг халқ олдида ҳисобдорлигини таъмилаш қонун билан мустаҳкамланганини, Ўзбекистон ташкилотнинг ахборотдан эркин фойдаланиш борасидаги барча саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Конференцияда Масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Нозима Давлетова ва ЮНЕСКО бош директорининг коммуникация ва ахборот масалалари бўйича ёрдамчиси Тауфик Желасси сўзга чиқиб, конференция иштирокчиларини Халқаро ахборотдан эркин фойдаланиш куни билан қутладилар.
Шундан сўнг, "Сунъий интеллект, электрон бошқарув ва ахборот эркинлиги: инновациялар, инклюзив ва ҳуқуқ" мавзусидаги Халқаро конференция юқори даражали давра суҳбати билан ўз фаолиятини бошлади.
Давра суҳбатида ЮНЕСКО Бош директорининг коммуникация ва ахборот масалалари бўйича ёрдамчиси Тауфик Желасси, Шаффофлик, ахборот олиш ва шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш миллий институти ваколатли президенти Бланка Лилия Ибара, Уганда давлати АКТ ва миллий бошқарув вазири Каббянга Годфри, Филиппин давлати Ҳукумат таълим бошқармасининг маъмурий масалалар бўйича вазир ўринбосари Кристиан Аблан, Электрон бошқарув академияси директори Ивар Талло (Эстония) ва ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекос (Ўзбекистон) сўзга чиқди.
Тауфик Желассининг таъкидлашича, тўқсонинчи йилларда дунё бўйича 14 та давлатда ахборот олиш эркинлиги тўғрисида қонун мавжуд бўлган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 135тага етган, яъни деярли ўн бараварга ошган.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекос давра суҳбатида иштирокчилар диққатини шахсий маълумотларни муҳофаза қилишда сунъий интеллектдан фойдаланишнинг аҳамиятига қаратди.
Унга кўра, ахборот хавфсизлиги бўйича экспертлар 2022/2028 йилларда жаҳон киберхавфсизлик бозори ўртача 9,5 фоизга ўсади ва 2028 йилга келиб 375 млрд. АҚШ долларини ташкил этишини тахмин қилишмоқда. Кибержиноятнинг йиллик глобал зарари эса 2025 йилга келиб 10,5 трлн. долларга етиши мумкин. Шу нуқтаи назардан кибержиноятчиликка қарши курашда сунъий интеллект технологияларидан тўғри фойдаланиш кўплаб муаммоларни самарали ҳал қилишга ёрдам беради.
Халқаро конференция ихтисослаштирилган шўъбаларда давом этмоқда.
Манба: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги