Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалиги барқарор тизимини ривожлантириш лойиҳасига старт берилди
2022-09-27 | Инновация
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида қишлоқ хўжалигининг барқарор тизимини ривожлантириш лойиҳаси юзасидан ташкил этилаётган семинарнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA) бош директори, проф.Тарифа Алл Зааби хоним очиб берди. Шунингдек, тадбирда Абу-Даби тараққиёт жамғармаси (БАА) Бош директори ўринбосари жаноб Халифа Ал Қубайси, Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири, профессор Зохиджон Зиядуллаев, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Бадриддин Абидов, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг катта маслаҳатчиси Алишер Шукуров иштирок этди.
Абу Даби ривожланиш жамғармаси томонидан «Қорақалпоғистон Республикасининг кам ривожланган ҳудудларида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш барқарор тизимини ривожлантириш» лойиҳасига 5,1 млн. АҚШ долл.грант маблағларини ажратиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2022 йилнинг 20 апрель куни ўзаро англашув меморандуми имзоланганди.
– Сўнгги йилларда Оролбўйи ҳудудидаги иқлимнинг ўзгариши, Орол денгизининг қуриб қолиши ва бунинг натижасида улкан саҳронинг пайдо бўлиши чўлларни ўзлаштириш бўйича Бирлашган Араб Амирликлари тажрибасини ўрганишни тақозо этди. ICBA ташкилоти билан ҳамкорликда Оролбўйи халқаро инновациялар марказини ташкил этилиши бу соҳадаги илк қадамларимиз бўлган бўлса, Абу-Даби тараққиёт жамғармаси билан ҳамкорликда йирик дастурнинг имзоланиши мавжуд муаммоларнинг илмий ечимларини топиш учун янада катта имконият яратади, – деди Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов.
Лойиҳанинг амалга оширишдан асосий мақсад стрессга чидамли озиқ-овқат ва ем-хашак экинларини жорий этиш, агробиологик хилма-хилликни қўллаб-қувватлаш ва сақлаш, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган тупроқ ва сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш, ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалиги соҳасида янги ишлаб чиқариш тизимлари ва маълумотларга асосланган ёндашувларни жорий этишдир. Шунингдек, халқаро илмий марказлар тажрибасидан фойдаланиш, замонавий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар етказиб бериш, илмий кадрлар тайёрлаш орқали қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишга эришишдан ҳамда шўрланган майдонларда биодеҳқончилик механизмларини яратиш ва соҳага инновацион технологияларни кенг жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилади.
– Илм-фан ва инновациялар нафақат Орлбўйи муаммоларини, балки глобал иқлим ўзгаришлари боғлиқ кўплаб масалаларни ҳал этишда муҳим ўрин тутади, – деди Тарифа Алл Зааби хоним. –Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорлигимиз самараси натижасида лойиҳамиз ўз ишини бошларкан, кўзда тутилган ишларни амалга оширилишда Ўзбекистон илмий-тадқиқот муассасалари, олимлар жамоасига таянамиз. Лойиҳамиз доирасида эришилган натижалар ҳудуднинг барқарор келажаги учун замин яратишига ишонаман.
Таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳа Қорақалпоғистон Республикасида ерлардан янада самарали фойдаланишни рағбатлантириш, шикастланган тупроқ ва ташландиқ ерларни қайта ишлаш, чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, ноқулай муҳитга чидамли озиқ-овқат ва ем-хашак экинларини жорий этиш, агробиологик хилма-хилликни қўллаб-қувватлаш ҳамда шўрланган майдонларда биодеҳқончилик механизмларини яратиш ва соҳага инновацион технологияларни кенг жалб қилишга қаратилган.
Лойиҳани амалга ошириш натижасида шароити оғир бўлган маҳалла ва қишлоқларда аҳолининг турмуш шароити, маҳаллий ҳудудларнинг иқтисодий-ижтимоий ҳолати яхшиланиши кутилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги