IT Парк жамоаси 2022 йилги “WorldSkills International” Евроосиё чемпионатида 3 ўринни эгаллади
2022 йилги “WorldSkills International”” Евроосиё чемпионатида “Мобил робототехника” йўналиши бўйича Ўзбекистон номидан иштирок этган IT Парк жамоаси 3 ўринни эгаллади.
Чемпионат Россиянинг Саранск шаҳрида 8–12 сентабр кунлари бўлиб ўтди. Ҳаммаси бўлиб, турли мамлакатлардан, шунингдек, Россиянинг минтақаларидан аввал маҳаллий ва федерал босқичларда ғолиб бўлган 18 та кучли жамоа саралашдан ўтиб, финал босқичида иштирок этди.
Бундан ташқари, IT Парк жамоаси 12–13 октябр кунлари Франциянинг Бордо шаҳрида бўлиб ўтадиган “WorldSkills International” жаҳон чемпионатида мамлакат шарафини ҳимоя қилади. Ҳозир иштирокчилар турнирга қизғин тайёргарлик кўрмоқда.
Таъкидлаш жоизки, охирги 2 йил давомида IT Парк робототехника бўйича мутахассисларни қўллаб-қувватлаб келди, робототехника бўйича мутахассисларни тайёрлади ва ушбу йўналиш бўйича ишлар олиб борди.
WorldSkills – ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган турли кўникмалар бўйича мусобақадир. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон WorldSkills халқаро ассотсиатсиясига 2020 йилда аъзо бўлиб, унинг 83 аъзосига айланганди. 2022 йил март ойида “Мобил робототехника” чемпионатининг Республика босқичи бўлиб ўтди, унда IT Парк жамоаси иштирок этди. Сўнгра IT Парк жамоаси 1 ўинни эгаллаб, Францияда бўлиб ўтадиган чемпионатга йўлланмага эга бўлди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги