Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Япония ўртасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича халқаро ва икки томонлама ҳамкорлик янада мустаҳкамланади
2022-09-16 | Иқтисодиёт
Шу кунларда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича халқаро ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон делегацияси Японияда бўлиб турибди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад мазкур мамлакатнинг коррупцияга қарши курашувчи идоралари, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишдан иборат.
Ташриф доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А.Бурханов иштирокида Япониянинг коррупцияга қарши курашувчи идоралари билан ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ҳамкорликдаги лойиҳаларни муҳокама қилиш мақсадида Япониянинг Адлия вазири Х.Ясухиро, Бош прокурори Ю.Каи, Парламент ташқи ишлар вазири Ю.Ёшикава, Миллий кадрлар агентлиги раҳбари Ю.Кавамото, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги директори ўринбосари К.Наказава, Миллий полиция агентлиги бош комиссари ўринбосари Й.Огата ва бошқа масъул идоралар раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди.
Муҳокамаларда давлат хизматида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, давлат хизматида коррупцияга қарши муросасиз муносабат муҳитини яратиш, қонун ҳужжатларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш, коррупция ҳақида хабар берувчиларни ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, коррупциявий омиллар ва хавф-хатарларни аниқлаш борасида илғор технологияларни жорий этиш каби масалаларда ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди.