Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Сунъий интеллект кенгашига Муҳаммад бин Зойид номидаги Сунъий интеллект университети вакили таклиф этилади
2022-09-09 | Инновация
Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигидаги делегациянинг Бирлашган Араб Амирликларига амалий ташрифи доирасида Муҳаммад бин Зойид номидаги Сунъий интеллект университети вице-президенти Султон Ал Ҳожи билан учрашув бўлиб ўтди. Унда икки томонлама ҳамкорлик масаласи муҳокама қилинди ҳамда ҳамкорлик йўналишлар белгилаб олинди.
Хусусан, Муҳаммад бин Зойид номидаги Сунъий интеллект университетининг сунъий интеллект йўналишидаги ўқув дастури бўйича Тошкент ахборот технологиялари университетида таълимни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик ўрнатишга келишилди. Ўзбекистонлик профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг Университет билан алмашинув дастурини йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилади.
Учрашувда, шунингдек, ўзбекистонлик талабаларни Университетда таълим олишга жалб қилиш, талабаларни тўлиқ стипендия билан таъминлаш масаласи муҳокама қилинди. Бунда, Вазирлик томонидан танлов эълон қилиниб, танлов натижасига кўра иқтидорли талабалар рўйхати шакллантирилади ва университетга тақдим этилади ҳамда университетнинг алоҳида ички танловларига асосан талабалар саралаб олинади.
Вазирлик ҳузурида ташкил этилган Сунъий интеллект бўйича экспертлар кенгашига университетнинг юқори тажрибага эга вакилини таклиф этиш масаласи келишиб олинди.
Томонлар, шунингдек, умумтаълим мактабларига сунъий интеллект терминологиясига асосланган лойиҳа жорий этиш ҳамда бу йўналишда университет билан ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олди. Университет томонидан махсус атамалар базаси тақдим этилади ва лойиҳа доирасида атамалар базаси кенгайтириб боришга эришилади.
Учрашув якунларига кўра жорий йилнинг октябрь ойида Университет Президенти ва вакиллари бошчилигидаги делегациянинг “InnoWeek.uz-2022” инновацион ғоялар ҳафталигига ташриф буюриши ҳамда ҳафталик доирасида икки томонлама ҳамкорлик меморандумини имзолашга келишиб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги