Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов ахборот-коммуникация технологиялари бўйича бир гуруҳ ёш мутахассислар билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази директори Меҳрож Рашидов, "AI com" компанияси раҳбари Улуғбек Исматов, “Tass vision” асосчиси Шахзод Умирзаков, "GPTuzAI" компанияси директори Розмат Сафаров ва бошқалар иштирок этди.
Соҳа вакиллари ўз фаолияти ҳақида маълумотларни тақдим этиб, лойиҳалар тақдимотини ўтказдилар.
Интерактив мулоқот давомида Вазирлик марказий аппарати ва хорижийдаги дипломатик муассасалар фаолиятига замонавий IT-технологияларни жорий этиш, дипломатия соҳасида, айниқса консуллик-ҳуқуқий хизматлар кўрсатишда сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш, “Big Data” ни сақлаш ва қайта ишлаш, АКТ соҳасидаги халқаро ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Давлат-хусусий шериклик асосида қўшма IT-платформа яратиш масаласини ишлаб чиқиш бўйича келишиб олинди. Мазкур платформанинг асосий мақсади ўзаро фикр ва тажриба алмашиш, шунингдек рақамлаштириш соҳасида аниқ амалий таклифларни ишлаб чиқишдан иборатдир.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги