Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 май куни “Ўзбекистон Республикасининг сейсмик хавфсизлигини таʼминлаш тизимини яна-да такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-144-сонли Фармони имзоланди.
Унга кўра мамлакатимизда сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳаларини ривожлантириш ҳамда соҳа ташкилотларининг фаолият самарадорлигини тубдан ошириш бўйича кенг кўламли комплекс чора-тадбирлар белгиланган.
Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбеккосмос” агентлиги, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда “TAIEX PI. Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқаришда космик маълумотлар ва хизматларни жорий этиш бўйича эксперт миссияси” мавзусида халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирокида конференция ташкил этмоқда.
Айни кунларда “Тошкент ирригатсия ва қишлоқ хўжалигини механизатсиялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетида бўлиб ўтаётган анжуман 25 августга қадар давом этади.
Тадбирнинг асосий мақсади сув ресурсларини барқарор бошқариш учун космик маълумотлар ва хизматлардан фойдаланиш бўйича мамлакатимиздаги ваколатли орган ходимларини билим малакаларини ошириш, таълим эҳтиёжларини баҳолаш каби бир нечта муҳим масалаларни ҳал қилишдан иборат.
Шунингдек, гидрологияни мониторинг қилиш инфратузилмалари, тошқинларни моделлаштириш ва тошқин асоратларини бартараф этишга алоҳида эътибор берилади.