Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мустақил Ўзбекистон – инновацион тараққиёт йўлида
2022-08-25 | Инновация
Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан амалий семинар ташкил этилди. Тадбир Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда янгича форматда ташкил этилди.
«Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!» шиори остида Мустақиллик байрамининг 31 йиллигига бағишлаб ташкил этилган ушбу семинар “Мустақил Ўзбекистон – инновацион тараққиёт йўлида” мавзусига бағишланди.
Эътироф этилдики, мамлакатни инновацион ривожлантиришга ҳамда жамиятда интеллектуал ва технологик салоҳиятни оширишга қаратилган муҳим давлат сиёсати йўлга қўйилганига кўп бўлгани йўқ. Инновацион ғоялар ва янги технологиялар асосида иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал ривожлантириш мақсадида 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилган эди. Беш йилдирки, вазирлик инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этиш масалалари бўйича давлат бошқаруви органлари, илмий-тадқиқот ва ахборот-таҳлил муассасалари билан яқин ҳамкорликда фаолият кўрсатиб бормоқда.
Қисқа даврда кўплаб натижаларга эришилди. Жумладан, 2018-2022 йилларда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 44 та инвестиция лойиҳалари учун 58,5 млн. АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция маблағлари (бундан 33,1 млн. доллар хорижий инвестиция) жалб қилинди. 372 та илмий ишланмалар тижоратлаштирилди, бунда 235,3 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ҳамда 228,8 млрд. сўмлик хизматлар кўрсатилди, қарийб 80 млрд. сўмлик 105 та стартап-компанияларга асос солинди.
Алоҳида қайд этиш мумкинки, 2019-2021 йилларга мўлжалланган «Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш Стратегияси»нинг муваффақиятли амалга оширилиши баробарида республикамиз 81 та индикатор бўйича баҳоланадиган Глобал инновацион индекси рейтингида 2015 йилга нисбатан 36 та поғонага кўтарилиб, 2021 йилнинг сентябрь ойида эълон қилинган Ўзбекистон ГИИ рейтингида 132 давлат орасида 86 ўринда қайд этилди.
Бу каби натижалар, албатта, яратилган шароит ва омиллар билан боғлиқ. Яъни, бугунга келиб, мамлакатда инновация ва илм-фан соҳаларига Давлат бюджетидан ажратиладиган йиллик маблағлар ҳажми 2018 йилга нисбатан 3 бараварга ошиб, 1,5 трлн. сўмга етди. Натижада, юртимиздаги ёш олимлар сони 2022 йилда 10,8 минг нафарни ташкил этмоқда.
Шунингдек, Республика миқёсида бизнес-инкубатор, технопарк, бизнес-аксселератор, коворкинг маркази каби 19 та янги инновацион инфратузилмалар ташкил этилди. Инновацион ривожлантиришни рақамлаштиришга оид 8 та ахборот тизими (grant.mininnovation.uz, ias.gov.uz, nsp.gov.uz, anjumanlar.uz, phd.mininnovation.uz, antiplag.uz, innoweek.uz, slib.uz) жорий этилди.
Айни даврда умумий қиймати салкам 1,2 трлн. сўмлик 784 та маҳаллий ҳамда 98,3 млрд. сўмлик 98 та тенг шерикликдаги халқаро қўшма лойиҳалар танлаб олиниб, шакллантирилди давлат дастури асосида уларнинг бажарилиши таъминланмоқда.
Мазкур йўналишда қабул қилинган «2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш Стратегияси» барча ислоҳотларни ўзида қамраб олган муҳим ҳужжат сифатида вазифаларни манзилли амалга ошириш имкониятини яратмоқда.
Тадбирда иштирок этган Қонунчилик палатаси депутатлари соҳага оид қонунчилик ташаббуслари ва ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга оид ислоҳотларни ҳам эътироф этдилар.
Ўтган беш йилда илм-фан ва инновацион фаолиятга оид жами 80 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, қонунчилик амалиёти ҳам такомиллашди. Хусусан, Парламент томонидан 2 та Қонун қабул қилинди («Инновацион фаолият тўғрисида», «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида»). Шунингдек, Президент томонидан қабул қилинган 6 та Фармон ҳамда 28 та қарор, шунингдек Ҳукуматнинг 37 та қарори ва 7 та фармойиши ҳаётимизга кенг татбиқ қилинди. Натижада соҳада рақобат, манфаатдорлик ва жавобгарлик муҳити шаклланди.
Семинарнинг амалий қисмида депутатлар инновацион технопаркда бўлиб, янги ишланмалар, ихтиролар ва ижтимоий-иқтисодий истиқболли лойиҳалар билан танишиб, лойиҳа эгалари ва ижрочилар билан бевосита савол-жавоблар олиб бордилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги