Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инновацион ривожланиш вазири Саудия Арабистони таълим вазири билан учрашди
2022-08-23 | Таълим
Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Саудия Арабистони Талим вазири Ҳамад бин Муҳаммад Ал Ал-Шайҳ (Hamad bin Mahammed Al Al-Sheikh) билан музокаралар олиб борди. Икки мамлакат вазирлари инновациялар бўйича тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилиб, юртимиз олий таълим муассасаларининг инновациялар бўйича проректорлари учун махсус курсларни ташкил этиш бўйича келишувга эришдилар.
Саудия Арабистони таълим вазири ўзбекистонлик олимларнинг гуманитар соҳадаги, хусусан, исломшунослик бўйича тадқиқотларига юқори баҳо бериб, мазкур йўналишда қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш фикрини илгари сурди. Инновацион ривожланиш вазири аниқ фанлар бўйича ҳамкорлик масаласига алоҳида урғу берди.
Ўз навбатида, Ўзбекистонлик ёш олимларни Саудия Арабистонига қисқа муддатли илмий стажировкаларга жўнатиш бўйича ҳам таклиф берилди. Бу масала Саудия Арабистони томонидан кўриб чиқилиши ва музокаралар ишчи тартибда давом эттирилишига келишилди.
Томонлар, шунингдек, октябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган InnoWeek.uz-2022 Инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида Ўзбекистон-Саудия Арабистони илмий форумини ташкил этиш ва бу тадбирга Саудия Арабистони олимларини таклиф этиш масаласини муҳокама қилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги