Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Тоғ-кон ва металлургия тармоғидаги инновациялар» ҳафталиги бошланди
2022-08-23 | Инновация
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигида «Тоғ-кон ва металлургия тармоғидаги инновациялар» ҳафталиги ўз ишини бошлади.
Тадбирда Ўзбекистонда тоғ-кон металлургия соҳасида фаолият юритаётган «Навоий кон металлургия комбинати» АЖ, «Навоий машинасозлик заводи», «Олмалиқ кон металлургия комбинати» АЖ, «Ўзметкомбинат» АЖ каби йирик металлургик комбинатлар, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги соҳавий илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг илмий-тадқиқот институтларнинг олимлари ўз инновацион ғоя ва ишланмалари, инновацион маҳсулотлар билан иштирок этди.
Тадбирнинг биринчи кунида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова ҳозирги кунда геология, тоғ-кон, металлургия саноати мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг шаклланишида 10% ташкил этаётганини таъкидлаб ўтди. Ушбу тармоқларни янада ривожлантириш учун қазилма бойликларни қидириш, маъданларни қазиб олиш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулот даражасига келтиришдаги технологик жараёнларига янги замонавий инновацион ва самарадор бўлган технологияларни жорий этиш зарур.
Тадбир доирасида ташкил этилган кўргазмада металлургия корхоналари томонидан янги ўзлаштирилган инновацион маҳсулотлар ҳамда илмий-тадқиқот институтларнинг олимлари томонидан ишлаб чиқилган тоғ-кон ва металлургия соҳасида қўлланилиши мўлжалланган илмий ишланмалар намойиш этилди.
Шу билан бирга кўргазма доирасида тармоқ вакиллари илмий-тадқиқот институтлари билан дастлабки шартнома ва келишув ҳужжатлари юзасидан музокаралар олиб бордилар. Инновацион технологияларни, маҳаллий хом ашёлардан фойдаланган ҳолда экспорт ўрнини босувчи маҳсулотларни, яъни металлургия соҳасида қўлланилаётган реагентлар, ускуналарни олимлар билан биргаликда ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2021-2022 йилларда тоғ-кон ва металлургия йўналишида умумий қиймати 31,4 млрд. сўм бўлган 21 та амалий ва инновацион лойиҳалар молиялаштирилган. Ҳафталик давомида давлат буюртмаси асосида молиялаштирилаётган илмий лойиҳаларнинг ижрочилари томонидан уч кун мобайнида тақдимотлар ўтказилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги