Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Давлат экология қўмитаси ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамкорлигида иқлим ўзгариши соҳасида янги минтақавий лойиҳасининг амалга оширилиши бошланди.
2022-08-12 | Экология
Шу муносабат бугун грант лойиҳасини амалга ошириш бўйича Давлат экология қўмитаси ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ўртасида битим имзоланди.
Марказий Осиёда иқлим хавфларини бошқариш минтақавий лойиҳаси Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистонда амалга оширилиши режалаштирилган.
Лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллион еврони ташкил этиб, Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги томонидан молиялаштирилади ҳамда 2022-2026 йилларда имплементация қилинади.
Лойиҳа Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) “Яшил Марказий Осиё” минтақавий дастури доирасида ишлаб чиқилган.
Тадбирда Ўзбекистон иқлим кун тартибининг энг муҳим жиҳати “яшил” иқтисодиётга босқичма-босқич ўтиш эканлиги қайд этилди. Экспертларнинг таъкидлашича, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш, углеводородлардан фойдаланишни қисқартириш, қайта тикланадиган энергия манбалари улушини ошириш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Шундай қилиб, 2030 йилга келиб энергия самарадорлиги кўрсаткичи икки баравар ошиши ва ялпи ички маҳсулотнинг углерод истеъмолини пасайиши кутилмоқда.
Лойиҳанинг амалга оширилиши Давлат экология қўмитаси ҳамда иқлим ўзгариши соҳасидаги давлат идоралари мутахассислари учун кадрлар салоҳиятини институционал мустаҳкамлаш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга, Марказий Осиё мамлакатлари билан иқлим кун тартиби бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга ва ўзаро трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Шу билан бирга, халқаро молия институтлари ва бошқа халқаро ташкилотларга молиялаштириш учун лойиҳа таклифларини ишлаб чиқишда кўмаклашади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги