Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда Марказий Осиё ва Россия меҳнат инспекторларининг биринчи минтақавий форуми бўлиб ўтади
2022-08-09 | Жамият
2022 йилнинг 9-12 август кунлари мамлакатимизда илк бор Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Россия каби давлатлардан 60 нафар эксперт иштирокида Меҳнат инспекторларининг биринчи минтақавий форуми бўлиб ўтади.
Меҳнат инспекцияси меҳнат муносабатларини тартибга солиш тизимининг муҳим қисми бўлиб, меҳнат қонунчилигини амалиётга татбиқ қилиш ва риоя этилиши вазифасини бажаради.
Инспекция ишининг умумий сифатини таъминлашда инспекторларнинг меҳнат шароитлари муҳим роль ўйнайди. Тахминан 175 йил давомида бутун дунё бўйлаб инспекторлар кўплаб йўналишларда меҳнат шароитларини яхшилаш устида ишламоқда.
Шунга кўра, Марказий Осиё минтақасида иқтисодий барқарорликни ошириш, қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, меҳнат инспекторларининг институционал салоҳиятини ошириш учун зарур инвестицияларни жалб қилиш мақсадида минтақалараро мулоқот маданиятини шакллантириш, Меҳнат инспекциялари ўртасида илғор тажриба алмашиш, умумий муаммоларнинг ечимларини ишлаб чиқишни йўлга қўйиш зарурдир.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги БМТ Тараққиёт дастури кўмагида Марказий Осиё ва Россия давлат меҳнат инспекторларининг биринчи минтақавий форумини ташкил қилмоқда.
Тадбирнинг асосий мақсади Марказий Осиё минтақаси ва Россияда меҳнат соҳасида давлат назоратини амалга ошириш сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш, малака ошириш ва тажриба алмашиш орқали меҳнат инспекторларининг билим даражаси, ишчанлиги ва самарадорлигини оширишдан иборат.
Форум доирасида иштирокчи давлатларнинг Давлат меҳнат инспекциялари вакиллари Халқаро меҳнат ташкилотининг асосий тамойиллари, миграция қонунчилиги масалалари, “Vision zero” ("Нол жароҳатлар") концепцияси, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни текшириш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги меҳнат қонунчилигига оид масалаларни муҳокама қиладилар ҳамда давлат меҳнат инспекторининг шахсий, касбий ўсишига, эмоционал бошқариш кўникмаларига ва бошқаларга қаратилган тренинглар ўтказилади.
Тадбир якунлари бўйича Марказий Осиё минтақасида хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш, жумладан, мамлакатимиз Меҳнат инспекциясининг ҳуқуқий ва ташкилий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш бўйича ягона ёндашувлар ишлаб чиқилади.
Хусусан, Форум фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва иш берувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги энг долзарб муаммоларни ҳал этиш, шунингдек, ишчиларнинг ҳаёти хавфсизлиги, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлаш жараёнида фаол иштирок этувчи ёш меҳнат инспекторлари ҳамжамиятини шакллантиришга хизмат қилади.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги