“Uzauto Motors” АЖнинг аксияларини фонд бозорида оммавий таклиф орқали (ИПО) жойлаштириш учун дастлабки қадам ташланди
“Uzauto Motors” АЖ оддий аксиялари “Тошкент” Республика фонд биржасининг котировкалаш варағига (биржа листингига) киритилди. Жамият аксияларининг фонд бозорида оммавий таклиф орқали (ИПО) жойлаштирилишини амалга ошириш 2022 йил IV ёки 2023 йил I чорагида режалаштирилган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17 январдаги ПҚ–90-сон Қарорига мувофиқ, “Uzauto Motors” АЖ аксияларини фонд бозорида оммавий таклиф орқали (ИПО) жойлаштириш вазифаси белгиланган.
Шу мақсадда, 2022 йил 15 апрел санасида жамият томонидан акцияларни фонд бозорида оммавий жойлаштиришни ташкиллаштирувчи андеррайтерларни танлаб олиш бўйича расмий тендер эълон қилинди. Тендер натижасига кўра, “Freedom Finance” МЧЖ инвестиция воситачиси бошчилигидаги андеррайтерлар консорсиуми ғолиб деб топилди ва 2022 йил 7 июл санасида шартнома имзоланди.
Маълумот учун: 2021 йил апрел ойида “Uzauto Motors” АЖ томонидан 300 млн. АҚШ доллари миқдоридаги 5 йиллик халқаро облигатсиялари 4,85 фоиз купон ставкаси билан Лондон фонд биржасида муваффақиятли жойлаштирилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги