Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев "Асакабанк" АЖ фаолияти ва оператсион имкониятлари билан танишди.
Хусусан, жорий йилнинг 2 чораги якунларига кўра банк активлари 4,6 миллиард долларни, кредит портфели 3,3 миллиард долларни ҳамда капиталлашуви 600 миллион долларни ташкил этгани қайд этилди.
Асакабанкнинг АҚШ, Эвропа Иттифоқи, Буюк Британия, Хитой, Корея ва Япониянинг 40 дан ортиқ банклари билан вакиллик тармоғи ҳамда йиллик айланмаси 1 миллиард доллардан кўпроқ бўлган 20 дан ортиқ савдо молиялаштириш линиялари борлиги айтилди. Bankka Fitch Ratings томонидан BB- va Moody' томонидан Б1 халқаро кредит рейтинглари берилди. Банкнинг ташқи молиялаштириш портфели 2,1 миллиард доллардан ошди.
Бош вазир ўринбосари Асакабанкнинг рақамлаштириш, корпоратив бошқарув, хавфларни бошқариш, ғазначилик, чакана бизнес ва кадрлар соҳасидаги трансформация жараёни, шунингдек, трансформатсия ва хусусийлаштириш доирасидаги барча лойиҳаларни мувофиқлаштирувчи маркази ҳисобланган Лойиҳа офиси фаолияти билан танишди. Хавфларни мониторинг қилиш (Risk Assessment System) ва ғазначилик ҳисоботи (Treasury Management System) бўйича банк томонидан ишлаб чиқилган тизимларининг имкониятлари намойиш этилди.
Ташриф якунида Лойиҳа офиси фаолияти, жумладан, рақамли трансформация ишларини давом эттириш ва унинг оператсион фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги