Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Долзарб 30 кунлик: Пахтачилик кенгаши томонидан Наманган вилоятида ўқув-семинар ўтказилди
2022-08-04 | Жамият
«Наманган элита уруғчилик» хўжалиги ғўза майдонларида 2022 йилда уруғчилик учун экилган майдонларда ғўза апробациясини ўтказиш ва 2023 йил ҳосили учун сифатли уруғлик захирасини яратиш бўйича кўргазмали ўқув-семинар ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ташкил этилган Пахтачилик кенгаши раиси, Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Наманган вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи ва ўринбосарлари, агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси бошлиғи, вилоят Агрохизматлар маркази директори, уруғчиликни ривожлантириш маркази вилоят бошқармаси бошлиғи ва туманларнинг шу каби соҳага алоқадор ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ташкил этилган Пахтачилик кенгаши томонидан ҳудудларда маҳаллий шароитларда яхши ҳосил бераётган навларни таҳлил қилиб, супер элита ва элита уруғларини кўпайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, янги навларни яратиш, бу борада олимлар билан илмий ҳамкорликни янада кучайтириш тўғрисида батафсил маълумот берди.
Семинарда дала шароитида ғўза навдорлигини аниқлаш бўйича апробация ўтказиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби, ғўза навларини тўғри жойлаштириш ва сифатли уруғлик жамғармасини яратишда ғўза апробациясининг мақсад ва вазифалари, уруғлик пахта майдонларида дала апробациясини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари асосида ўтказилишини назорат қилиб бориш, соғлом уруғлик фондини яратишда ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳаси олим ва мутахассисларининг асосий вазифалари, элита уруғчилик хўжаликларига юқори навдорликка эга бўлган ғўза навларининг оригинал уруғлик материалларини етказиб берилишида институт ва нав муаллифларининг олиб бораётган ишлари, янги яратилаётган ва истиқболли ғўза навларини давлат нав синаш участкаларига топшириш ва синов ўтказиш тартиби, уруғлик майдонларда апробация кўрикларини ўтказиш, навга хос бўлмаган ғўза тупларидан тозалаш, ҳосилини териб олиш тартиби ва яроқсиз деб топилган майдонлардан уруғлик пахта теришга йўл қўймаслик тўғрисида сўз юритилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги