Ўзбекистон Республикаси Бош вазириниг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Туркия Республикаси савдо вазири Меҳмет Муш билан учрашди.
Учрашув давомида томонлар ўзаро савдони фаоллаштиришга қаратилган икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фикр алмашдилар.
Таъкидланишича, сўнгги беш йил ичида ўзаро савдо ҳажми икки баравар ўсди ва 2021 йилда 3,4 миллиард долларга этди. Ўзбекистон-Туркия товар айирбошлаш ҳажмини 2023 йилда 5 миллиард долларга, яқин истиқболда эса 10 миллиард долларга етказиш мақсадида ушбу ёъналишдаги ҳамкорликни давом эттиришга ўзаро тайёрлик билдирилди.
Шу нуқтаи назардан, томонлар яқин келажакда Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни ратификация қилиш учун уни келишиш жараёнини тезлаштиришга келишиб олдилар. Шунингдек, савдо тўсиқларини бартараф этиш, савдо операцияларини амалга оширишда божхона тартиб-қоидаларини соддалаштириш ва ушбу соҳада рақамли ечимларни жорий этиш бўйича навбатдаги тадбирлар белгиланди.
Учрашув иштирокчилари транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Икки мамлакат ўртасида автомобил ва ҳаво транспорти орқали юк ташиш кўрсаткичларининг ижобий динамикасини ҳисобга олган ҳолда, томонлар транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри ва транзит юк ташиш ҳажмини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш муҳимлиги тўғрисида якдил фикрга келдилар.
Учрашув якунида томонлар эълон қилинган ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича навбатдаги саъй-ҳаракатларни ҳамда кўриб чиқилган барча йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш йўлларини белгилаб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги