Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Президенти Туркия билан кўп қиррали ҳамкорлик салоҳиятини самарали ишга солиш муҳимлигини таъкидлади

2022-08-02 | Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 август куни “Ўзбекистон – Озарбайжон – Туркия” форматидаги биринчи вазирлар учрашувида иштирок этиш учун Тошкент шаҳрида бўлиб турган Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Туркия делегацияси таркибида учрашувда савдо вазири Меҳмет Муш ҳамда транспорт ва инфратузилма вазири Одил Қораисмоилўғли қатнашди.

Икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув аввалида вазир Мавлуд Чавушўғли давлатимиз раҳбарига Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. Туркия томони Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва сиёсий янгиланишлар дастурини, шунингдек, мамлакатимизнинг, энг аввало, минтақада дўстлик, яхши қўшничилик ва ишонч муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган ташқи сиёсатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани алоҳида таъкидланди.

Томонлар Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг кўламли стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб, амалий ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар.

Ўзаро савдо ва инвестициялар кўрсаткичлари жадал суръат билан ўсиб бормоқда, фаол гуманитар алмашинувлар давом этмоқда.

Улкан ҳамкорлик салоҳиятидан, шу жумладан ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштириш орқали самарали фойдаланишга қаратилган Ўзбекистон ва Туркия етакчиларининг келишув ва қарорларини амалга оширишга алоҳида эътибор берилди.

Савдо, инвестициялар, инновациялар, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, туризм ва соғлиқни сақлаш соҳаларида қўшма кооперация лойиҳалари ва дастурларини тезлаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари юқори мартабали меҳмонларни Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия ташқи ишлар, савдо ва транспорт вазирларининг биринчи учрашуви муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.

Минтақавий кун тартиби, шу жумладан Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик таъминланишига кўмаклашиш ҳамда жорий йилнинг кузида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Туркий давлатлар ташкилоти саммитига тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться