Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бухорода олти ойда 196 та лойиҳа ишга туширилди
2022-08-02 | Иқтисодиёт
Бу ҳақида Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят ҳокими Ботир Зарипов маълум қилди.
Таъкидланишича, Бухоро вилоятини ривожлантириш ҳудудий дастурига мувофиқ жорий йилнинг биринчи яримида қиймати 1 триллион сўм бўлган 144 та лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 1 минг 229 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган. Амалда қиймати 2,8 триллион сўм бўлган 196 та лойиҳа ишга туширилган. Натижада 2 минг 921 та янги иш ўрни яратилган.
Хусусан, Бухоро шаҳридаги “Бухоро Агрокластер ДЗЗ” МЧЖ томонидан умумий қиймати 4,4 миллион долларлик бир кеча кундузда 60 тонна сутни қайта ишлаш қувватига эга, 43 турдан ортиқ импорт ўрнини босувчи тайёр маҳсулотлар (пишлоқ, сариёғ, брынза) ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси асосида
50 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Шу билан бирга, Шофиркон туманида “Бухара Азтекс” МЧЖ томонидан қиймати 95 миллиард сўмга тенг бўлган тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилиши ҳисобига 1000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
2022 йил якунига қадар умумий қиймати 9,8 триллион сўм бўлган 521 та ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, 12 минг 152 кишини иш билан таъминлаш режалаштирилган. Хусусан, Жондор туманида “Яккатут савдо ишлаб чиқариш” МЧЖ негизида қиймати 109,2 миллиард сўмга тенг бўлган ўзлаштирилмаган ерлардан фойдаланиб, чорва молларига озуқа етиштириш ҳамда ун ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини ишга тушириш натижасида 385 та янги иш ўрни яратилади. Шунингдек, Қоровулбозор туманида "BUKHARA EURO CEMENT" МЧЖ негизида қиймати 225,7 миллиард сўмга тенг бўлган цемент ишлаб чиқариш учун клинкер маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш (2-босқич) лойиҳасини ишга тушириш натижасида 150 та янги иш ўрни ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган давлат Инвестиция дастурига мувофиқ, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 104,1 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилиши режаси 160,1 миллион долларга
(154 фоизга) бажарилди. Мазкур дастурга кўра шаҳар ва туманлар ҳокимликлари масъул бўлган қиймати 186,8 миллион долларга тенг бўлган 15 та йирик инвестиция лойиҳалари асосида 2 минг 645 нафар киши иш билан таъминланади. Шу билан бирга, тармоқ ташкилотлари масъул бўлган йирик стратегик тармоқ инвестиция лойиҳалари фойдаланишга топширилади.
Жумладан, Қоракўл туманида “Саноат энергетика гуруҳи” МЧЖ хорижий корхонаси томонидан қиймати 2,7 миллиард долларга тенг бўлган йилига 1,3 миллиард куб метр газни қайта ишлайдиган газ-кимё комплексини барпо этиш лойиҳасини йўлга қўйиш ҳисобига 1 минг 300 та иш ўрни яратилиши таъминланади. Натижада энг замонавий технологиялар асосида, йилига 770 минг тонна полимерлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.
Ғиждувон ва Пешку туманларида “ACWA Power” МЧЖ хорижий корхонаси негизида қуввати 500 МВтдан бўлган 2 та шамол электр станцияларини қуриш лойиҳаларини йўлга қўйиш ҳисобига 2000 та иш ўрни яратилиши таъминланади. Натижада 2000 та ишлаб чиқариш корхоналарини узлуксиз электр энергияси билан таъминланади.Шу билан бирга, 2022 йилнинг якунига қадар 304,9 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилади.
Манба: ЎзА