2022 йил 2 август куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов "Ўзбекистон-Озарбайжон-Туркия" мулоқот форматининг биринчи йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Мевлют Чавушоғлу билан учрашувди.
Бўлиб ўтган мулоқот чоғида қайд этилганидек, замонавий босқичда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари икки мамлакат раҳбарларининг қатъияти ва ишончли мулоқоти туфайли юксак ўсиш суръатини намоён этиб, янги амалий мазмун билан бойиб бормоқда.
Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, маданий-гуманитар ва туризм алмашинувлариини кенгайтириш юзасидан олий даражада эрилишилган келишувлар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Туркиянинг халқаро институтлар доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлиги таъкидланди.
Дунёдаги ва минтадаги вазият юзасидан фикр алмашилди. Туркия делегацияси Тошкент шаҳрида Афғонистон бўйича бўлиб ўтган конферентсия натижаларини юқори баҳолади. Томонларнинг Афғонистон йўналишидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни давом эттириш ва бу мамлакатга гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёрлиги эътироф этилди
М.Чавушоғлу Тошкент шаҳрида ташқи сиёсат, савдо, иқтисодиёт ва транспорт масалалари учун масъул бўлган уч мамлакат вазирликлари раҳбарлари иштирокида "Ўзбекистон – Озарбайжон – Туркия" мулоқоти биринчи йиғилишини ўтказиш муҳимлигини таъкидлади.
Икки томонлама ва кўп томонлама даражада режалаштирилган тадбирлар, шу жумладан, Самарқанддаги Туркий давлатлар ташкилоти саммитига тайёргарликнинг ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги