Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш доирасидаги долзарб вазифалар белгиланди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Ўзбекистонда ишчи ташриф билан бўлиб турган Озарбайжон Республикаси иқтисодиёт вазири Микайил Жаббаров билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида инвестициявий, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар жорий йилнинг июн ойида Озарбайжон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига ташрифининг аҳамияти ва натижадорлигини таъкидладилар. Олий даражадаги тўғридан-тўғри мулоқот барча соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни жадаллаштиришга, шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги "ўсиш нуқталарини" кашф этишга имкон яратди.
Суҳбат давомида сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда Озарбайжон капитали асосида ташкил қилинган қўшма корхоналар сони 4 баравар кўпайиб, 243 тани ташкил этгани айтилди. Ўз навбатида, Озарбайжонда ўзбек капитали иштирокида 70 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Томонлар нефт-газ, кимё саноати, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги соҳасида қиймати 500 миллион доллардан ортиқ бўлган 87 та қўшма лойиҳа ва савдо шартномаларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришга келишиб олдилар.
Бундан ташқари, мулоқот давомида томонлар Ўзбекистон-Озарбайжон инвестиция жамғармасини ташкил қилиш ташаббусини амалга оширишни давом эттириш ниятида эканликларини тасдиқладилар ва шу муносабат билан қисқа вақт ичида унинг фаолиятини ташкил этиш бўйича "Йўл харитаси"ни шакллантиришга, шунингдек тегишли Ҳукуматлараро битимни ишлаб чиқишни бошлашга келишиб олдилар.
Транспорт ва логистика алоқаларини мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилиш чоғида музокаралар иштирокчилари Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида халқаро автомобил транспорти тўғрисидаги ҳукуматлараро битим доирасида амалий чора-тадбирлар қабул қилишни жадаллаштиришга, шунингдек, "KASPAR" паромларида Каспий денгизи орқали Ўзбекистон учун товарлар ортилган вагонларни ташишни тезлаштиришга келишдилар.
Алоҳида тартибда томонлар жорий йилнинг ноябр ойида Тошкентда миллий товарлар кўргазмасини ташкил қилиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудларининг Биринчи форумини юқори даражада ўтказишни назарда тутган ҳолда ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар. Форумга тайёргарлик кўриш доирасида инвестиция лойиҳалари пакетини ҳамда ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилади.
Учрашув якунида иқтисодий шерикликни ривожлантиришда аниқ натижаларга эришиш учун муҳокама қилинган барча соҳаларда биргаликда ишлашни давом эттиришга содиқлик билдирилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги