2022 йил 1 август Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов ЙХҲТнинг миллий озчиликлар бўйича Олий комиссари Қайрат Абдраҳмановни қабул қилди.
Томонлар сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ЙХҲТ ва унинг институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги сезиларли даражада фаоллашгани ва сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидладилар.
Олий комиссар мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, хорижий давлатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш борасида олиб борилаётган сиёсатни юксак баҳолади. Айниқса, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги яхши қўшничилик сиёсати минтақа халқлари ва элатлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда ижобий ўрин тутаётгани алоҳида таъкидланди.
Қ.Абдраҳманов Ўзбекистонда барча миллат ва элат вакилларининг билим олиши, меҳнат қилиши, ижодий қобилият ва салоҳиятини намоён этиши учун барча зарур шарт-шароит яратилганини қайд этди. Жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини амалга оширишнинг устувор мақсадларидан бири этиб белгиланганини олқишлади.
Томонлар барча масалалар бўйича ўзаро манфаатли муносабатларни изчил ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги