Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан жорий йилнинг 8–12 август кунлари “Ёшлар туризми” қурултойи ўтказилади.
Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 апрелда қабул қилинган Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил қилинмоқда.
Қурултойда 800 нафар иштирокчи қатнашиши кутилмоқда. Хусусан, МДҲ давлатларидан (Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон) ёшлар Шаҳрисабз туманига ташриф буюради. Шунингдек, Аббос Сулаймонов, Ҳуснора Шодиева, Рухсора Миржалилова, Элёр Мелибоев, Ҳожиакбар Рўзметов каби ёшлар орасида машҳур бўлган блогер ва хонандалар ҳам иштирок этади.
“Lochin” оромгоҳида бошланадиган тадбирдан китобхонлик, маҳорат дарслари, миллий ва этноспорт турлари бўйича спорт мусобақалари, маданий кўнгилочар тадбирлар, гала-консерт ва бошқа тадбирлар ўрин олган. Шунингдек, ёшлар таниқли театр ва кино ижодкорлари билан ижодий мулоқот қилиш имконига эга боʼлишади.
Бундан ташқари, қурултой доирасида иштирокчилар учун туризм обектларига саёҳатлар уюштирилиши режалаштирилган. Маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари учун инфотур ҳам ташкил қилинади.
Тадбир маҳаллий ва хорижий ОАВ орқали ёритилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги