Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Бангладеш ҳукуматлараро комиссиясининг 3 йиғилиши бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 29 июл куни Дакка шаҳрида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Бангладеш ҳукуматлараро комиссиясининг 3 йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишга Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ва Бангладеш Халқ Республикаси савдо вазири Типу Мунши раислик қилди.
Мулоқотда, шунингдек, икки мамлакатнинг асосий вазирлик ва идоралари, тармоқ бирлашмалари, дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.
Савдо-иқтисодий муносабатлар, саноат кооперацияси ва маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ҳамда уларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар савдо муносабатларини тиклаш, шу жумладан товарлар номенклатурасини кенгайтириш, савдо тўсиқларини бартараф этиш, ўзаро кўргазма ва ярмаркаларни ташкил этиш, шунингдек, мамлакатлар ўртасида икки ёқлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик тўғрисидаги битимни имзолашни жадаллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўришга келишиб олдилар. Бу, ўз навбатида, икки томонлама товар айланмасини сезиларли даражада кенгайтиради ва иқтисодий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.
Саноат кооперациясини ривожлантириш истиқболларига тўхталиб, томонлар инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги Битимни фаоллаштиришга ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этилишини рағбатлантиришга келишиб олдилар. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасида 2023 йилгача IT-технологиялар, чарм саноати каби устувор йўналишларда лойиҳаларни амалга ошириш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистоннинг эркин иқтисодий зоналарида тўқимачилик кластерларини ташкил этишни назарда тутувчи Саноат соҳасида ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш режалаштирилди.
Фармацевтика соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида томонлар Ўзбекистон Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги ва Бангладеш Фармацевтика саноати ассотсиатсияси ўртасида Ўзбекистон ва Бангладешда ишлаб чиқарилган дори воситаларини икки мамлакат ҳудудида рўйхатдан ўтказишни соддалаштиришни назарда тутувчи Ҳамкорлик тўғрисида Меморандумни имзолашга келишиб олдилар.
Озиқ-овқат хавфсизлиги, шу жумладан уруғчилик соҳасида аниқ чора-тадбирлар ва амалга ошириш механизмлари белгилаб қўйилган Қўшма тадқиқотлар дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда Ўсимликлар карантини соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битимни имзолашни тезлаштириш юзасидан якдил қарорга келинди.
Томонларнинг диққат марказида маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам бор эди. Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан 2022 йил давомида Бангладешда Ўзбекистон маданияти кунлари ва Ўзбекистонда Бангладеш маданияти кунларини ўтказишга келишилди. Бундан ташқари, туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштириш, жумладан, "Умра+" дастури доирасида транзит йўналишлари бўйлаб ўтаётган Бангладеш зиёратчиларининг Ўзбекистоннинг туризм инфратузилмасидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида муҳокама қилинган ташаббуслар ва эришилган келишувлар ҳамда уларни амалга оширишнинг аниқ муддатлари акс эттирилган тегишли байённома қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги