Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«InnoWeek-2022» Хоразм вилоятида бўлиб ўтмоқда
2022-07-29 | Инновация
Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган “InnoWeek-2022» инновацион ғоялар ҳудудий кўргазмаси ўз ишини бошлади. Кўргазманинг очилиш маросими Урганч шаҳрининг «Кенгашлар уйи» биносида бўлиб ўтди. Унда Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари М.Ачилов ва Инновациялар Миллий офиси Бош директори ўринбосари Рустам Кучкарбаев иштирок этдилар.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад -- тадбиркорлар, ишбилармонлар ва ёш олимларни, стартап лойиҳаларни бир майдонга тўплаш, уларнинг мулоқотини ташкил этишдир. Шунингдек кўргазма доирасида илмга асосланган тадбиркорликни амалга ошириш бўйича мавжуд муаммоларнинг ечимларини топиш, лойиҳаларни ривожлантиришга қаратилган семинар ва тренинглар ўтказилади. Кўргазма, ўз навбатида, ёшларни илм-фанга бўлган қизиқишини оширишга, бу соҳада уларга яратилган имкониятлар ҳақида маълумотлар олишларига хизмат қилади.
Хоразм вилоятидаги кўргазмада олий таълим муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналари, илмий тадқиқот ташкилотлари, стартап лойиҳалар муаллифлари ва тадбиркорлардан иборат 38 нафар иштирокчи 120 дан ортиқ инновацион маҳсулотлари, технология ва ишланмалари билан қатнашмоқда.
Кўргазмага, шунингдек, Хоразм вилояти маҳаллаларидаги ҳоким ёрдамчилари ҳам таклиф этилди. Ҳоким ёрдамчилари кўргазмадаги маҳсулотлар билан танишиб, маҳаллаларда уларни ишлаб чиқарилиш имкониятларини ўргандилар, кўргазма иштирокчилари билан музокаралар олиб бордилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги