Ўзбекистон ҳукумати делегатсиясининг Бангладеш Халқ Республикасига ташрифи доирасида Дакка шаҳрида Бош вазир ўринбосари - инвеститсиялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаевнинг Бангладеш савдо вазири Типу Мунши билан учрашуви бўлиб ўтди.
Икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишларини қамраб олган самимий мулоқот жараёнида савдо-иқтисодий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди. Пандемия савдо кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатгани ва ўзаро савдонинг ҳозирги динамикаси икки мамлакат иқтисодиётлари салоҳиятига мос келмаслиги таъкидланди. Шу муносабат билан томонлар савдо тўсиқларини бартараф этиш, ўзаро кўргазма ва ярмаркаларни ташкил қилишни назарда тутган ҳолда савдо айланмасини кенгайтириш бўйича ўзаро амалий чоралар кўришга келишиб олдилар.
Инвестициявий ҳамкорлик доирасида қўшма корхоналар ташкил этиш орқали саноат кооперацияси фаоллаштириш устувор вазифа сифатида белгиланди. Бу, ўз навбатида, кейинчалик ишлаб чиқарилаётган йўқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни учинчи давлатлар бозорларига илгари суришга имкон беради. Масалан, Бангладеш Канада, Австралия, Япония, Ҳиндистон, Шри-Ланка бозорларига божсиз товарларни олиб кириш ҳуқуқига эга, шу билан бирга Ўзбекистон аҳолиси 300 миллион бўлган МДҲ мамлакатлари билан эркин савдо шартномасини имзолаган.
Қишлоқ хўжалиги Бангладешдаги энг йирик бандлик сектори бўлиб, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 14,2 фоизини ташкил этади. Ушбу йўналишда томонлар ҳамкорлик қилиш учун катта имкониятларни кўрмоқдалар. Хусусан, суҳбат чоғида сўз мева ва сабзавотларни чуқур қайта ишлаш, қадоқлаш ва юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган ишлаб чиқариш қувватларни яратиш ҳақида борди.
Учрашув давомида транспорт ва логистика, мамлакатлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновини тиклаш, тўқимачилик, чарм ва фарматсевтика саноатида ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Бангладеш тўқимачилик университети (BUTEX) нинг Ўзбекистонда филиалини очиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Муҳокама қилинган барча масалалар бўйича биргаликда иш олиб бориш механизмлари белгилаб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги