Деҳли бизнес-форуми: бизнес доираларининг тўғридан-тўғри ўзаро ҳамкорлигини ривожлантиришга янги туртки
Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Ҳиндистонга ташрифи доирасида Деҳли шаҳрида Ўзбек-Ҳинд бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев, Ҳиндистон Республикаси Савдо ва саноат давлат вазири Ануприя Пател, тегишли вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доираларининг 50 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.
Форумнинг очилиш маросимидаги маърузаларида делегациялар раҳбарлари Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатлар сўнгги беш йил ичида сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидладилар.
Хусусан, бу даврда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 50 фоиздан ошди. Ижобий динамика юксалишда давом этмоқда. 2022 йилнинг биринчи ярмида ўзаро савдо қарийб 30 фоизга кўпайиб 324,5 миллион доллардан ошди.
Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва инвесторлар учун қулай муҳит яратиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги қайд этилди. Хусусан, 2017 йилдан буён Ўзбекистонда фаолият юритаётган ҳинд капитали иштирокидаги корхоналар сони қарийб 5 баробар ошди. 2021 йилнинг ўзида етмишга яқин корхона иш бошлади ва уларнинг умумий сони 357 тага этди. Айни пайтда турли тармоқларда умумий қиймати 3 миллиард доллардан зиёд 80 дан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда.
Тадбир давомида Ўзбекистон томони ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича фойдаланилмаётган ресурсларни сафарбар этиш бўйича ташаббуслар билан чиқди. Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва юқори талабга эга озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган қўшма корхоналар ташкил этиш орқали агросаноат кооперацияси, IT-сектор ва инфратузилмавий лойиҳаларга инвестициялар киритиш, фармацевтика маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқариш ва уларни учинчи мамлакатларга экспорт қилиш, тўқимачилик саноатида яқин ҳамкорлик қилиш, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларига урғу берилди.
Бизнес-форум дастури доирасида Ўзбекистон иқтисодиётининг турли соҳаларидаги инвестициявий салоҳиятининг тақдимотлари ҳам бўлиб ўтди. Музокараларнинг "B2B" сессияси ишбилармон доираларнинг ўзаро алоқаларни кенгайтириш ва биргаликда ишлашга бўлган қизиқишини очиб берди, унда тадбиркорлар ва инвесторлар ўзаро танишишлари, манфаатлар кесишадиган нуқталарини кашф этиб, яқин келажакда мустаҳкам келишувларга эришиш учун янги истиқболли ғояларни муҳокама қилиш имконига эга бўлди.
Форум якунида хусусий тиббиёт, фармацевтика, поябзал ва чарм буюмлар ишлаб чиқариш соҳаларида, шунингдек, юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича қатор битимлар имзоланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги