Германиядаги кўргазмада Ўзбекистонда органик маҳсулотларни етиштириш бўйича тақдимотлар ўтказилмоқда
Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегатсияси Германиянинг Нюрнберг шаҳрида ўтказилаётган “БИОФАЧ 2022” органик маҳсулотлар кўргазмасида иштирок этмоқда.
Кўргазма доирасида Германиянинг Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат Федерал вазирлиги қошидаги Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича Федерал ташкилотининг бош инспектори Анна Кобер билан ЎЗР Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Органик қишлоқ хўжалиги ва мақбул қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Анвар Джуманов ҳамда Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти проректори М. Атажоновларнинг учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида органик маҳсулотларга Германиянинг БИО лейблини белгилаш, органик маҳсулотларни Германияга олиб кириш, уларни қайта ишлаш ёки қадоқлаш тартиблари бўйича маслаҳатлар олинди. Музокара давомида ўзаро келишув тузиш ва биргаликда Германия бозорига органик маҳсулотларни олиб киришда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Бундан ташқари, вазирлик делегатсияси “АФC”нинг техник маслаҳатчиси Андрей Лозан билан органик маҳсулотларни етиштириш жараёнида субсидиялаш тартиблари бўйича маслаҳатлашиб олишди. Суҳбат давомида органик деҳқончиликка ўтиш даврида субсидия ажратиш бўйича ривожланган давлатларнинг малакасига тўхталиб ўтилди. Шунингдек, органик деҳқончиликни субсидиялаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва тартиблар билан танишиб чиқилди.
Шунингдек, вазирлик мутахассислари Латвия Давлатининг СТC органик сертификатлаш хизмати раҳбари А. Макарявичюс билан ҳам учрашиб, Ўзбекистоннинг ГДФ компанияси билан бошланғич сертификатлаштириш жараёнини бошлаш бўйича келишиб олишди.
Кўргазмада Ўзбекистонда органик маҳсулотларни етиштириш жараёни ҳақида махсус таништирувчи тақдимотлар ўтказилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги