Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ягона мактаб формаси 2025 йилга қадар босқичма-босқич жорий этиб борилади
2022-07-27 | Таълим
2022 йил сентябрь ойидан янги ўқув йилида ота-оналар учун ягона формани харид қилишга мажбурий талаб қўйилмайди ва мактабга ягона формада келмаган ўқувчиларга нисбатан ҳеч қандай эътирозлар билдирилмайди.
АОКАда бўлиб ўтган брифингда Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов 2022-2023 ўқув йилида ягона мактаб формаси жорий этилиши юзасидан маълумот берди:
Унинг таъкидлашича, 2022 йил сентябрь ойидан янги ўқув йилида ота-оналар учун ягона формани харид қилишга мажбурий талаб қўйилмайди ва мактабга ягона формада келмаган ўқувчиларга нисбатан ҳеч қандай эътирозлар билдирилмайди.
Миллий қадриятларимиздан келиб чиқиб, ўқувчи-қизларнинг мактабга очиқ рангдаги миллий рўмолни бошнинг орқа томонидан ўраган ҳолда келишлари маън этилмайди.
Шунингдек, ўқувчи-қизларнинг юбка ва кофта енгларининг узунлигини узайтиришга рухсат берилади, аммо белгиланган ўлчамдан калта бўлиши мумкин эмас.
Маҳаллий ҳокимликлар томонидан кам таъминланган оилаларга маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳамда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармалари маблағлари ҳисобидан мактаб формасини сотиб олинишига кўмак берилади.
Мактаб формасини айнан бирор тадбиркордан/корхонадан харид қилиш бўйича мактаб маъмурияти томонидан мажбур этилмайди ва бундай ҳолатга йўл қўйилмайди.
Мактаб формаси савдоси август ойидан бошлаб ҳар бир туман ва шаҳар марказларидаги аҳолига қулай жойлар ҳамда мактаб ярмаркаларида ташкил этилади.
Халқ таълими вазирлиги ота-оналар ва ўқувчиларнинг мактаб формаси дизайни ва сифати бўйича ҳар қандай таклифларини кўриб чиқишга ва биргаликда ягона форма дизайнларини такомиллаштириб боришга тайёр эканлигини маълум қилади.
Манба: «Янги Ўзбекистон»