“IT Park Rewind 2022” тадбири доирасида ташкил этилган “АҚШ ва Европа давлатларига экспорт” сессиясида АКТ вазири БПОга бунчалик катта эътибор қаратилаётганининг сабабини тушунтирди
Тошкент шаҳридаги “Astrum” IT академиясида бўлиб ўтган “IT Park Rewind 2022” тадбири доирасида “АҚШ ва Европа давлатларига экспорт” йиғилиши ҳам ташкил этилди.
Унда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов иштирок этиб, сессияда берилган саволларга жавоблар қайтарди.
Жумладан, АКТ вазири бизнес жараёнларини аутсорсинг қилиш (БПО) йўналишига бунчалик катта эътибор қаратилаётганининг сабабини тушунтирди.
Вазир Ш. Шерматов аслида э’тибор маркази кенгайганини, айни сабабларга кўра БПОни устуворликлар рўйхатига киритганини қайд этди.
“IT-ни ривожлантириш бўйича стратегиямиз энг қимматли бойлигимиз – инсон капитали атрофида қурилган. 35 миллионлик аҳолимизнинг 60 фоизини ёшлар ташкил этиши кўплаб компанияларни ўзига тортади. Вазирлик IT-Парк билан биргаликда бошиданоқ сонни сифатга айлантириш устида ишлаб келмоқмоқда.
БПО соҳаси ёшларга масофадан туриб хизматларини кўрсатиш орқали юқори даромад топишни бошлаш учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни тезда ўзлаштириш имконини беради. Ушбу соҳани кенгайтириш ва ривожлантириш экспорт ҳажмини ошириш имкониятидан ташқари, катта ижтимоий аҳамиятга эга муаммолардан бири – янги иш ўринларини яратиш орқали аҳоли бандлигини та’минлаш муаммосини ечади”, – дея та’кидлади АКТ вазири.
Вазирнинг сўзларига кўра, кўп йиллардан буён республикамизнинг оғир ва чекка ҳудудларидаги кам таъминланган оилалар ёшлари қўшни давлатларга паст малакали иш излаб кетиб, бегона юртда катта хавф-хатарларга учраб келган. Шундай қилиб, айнан БПО соҳаси бу ёшларга қисқа вақтда керакли билим ва кўникмаларни ўзлаштириб, ўртача у чет давлатларида топадиган даромаддан кам бўлмаган миқдорда даромад топиш имкониятини яратиб беради.
Учрашув давомида йиғилишда иштирок этганлар томонидан берилган саволларга жавоблар қайтарилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги