Бош вазир ўринбосари-инвестициялар ва ташқи савдо вазири Ж. Ходжаев Бангладеш Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси М. Аламни қабул қилди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзаро савдо ҳажмини ошириш йўналишида божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, ўзаро кўргазма ва ярмаркаларни ташкил этиш каби аниқ амалий чора-тадбирлар кўриш режалаштирилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистонда Бангладеш инвестициялари иштирокида ташкил қилинган 36 корхона, шу жумладан 100 фоиз хорижий капиталга эга 35 та корхона рўйхатга олинган. Бу рақамлар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳақиқий салоҳиятини акс эттирмайди вас шу сабабли бу борада инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Истиқболли йўналишларни кўриб чиқишда Ўзбекистонда синтетик толалар ва аралаш матолар, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, дори воситалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш, мева-сабзавотларни чуқур қайта ишлаш бўйича лойиҳалар шакллантириш таклиф этилди.
Учрашув давомида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди. Томонлар эришилган келишувларни ҳайётга татбиқ қилиниши Ўзбекистон билан Багладеш ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга туртки беришига ишонч билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги