Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда ўтказилган “IT Park Rewind 2022” тадбирида mGovAward танлови ғолиблари тақдирланди
2022-07-26 | Жамият
“Astrum” IT академиясида “IT Парк Rewind 2022” тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов, Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири девони вакиллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳамкорлар ва резидентлар иштирок этди.
“IT Park Rewind 2022” кўргазмасини Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов ўзининг табрик сўзи билан очиб берди.
У сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистоннинг АКТ соҳаси улкан ўзгаришларни бошидан кечирганини таъкидлаб, соҳанинг жадал ривожланишида IT Паркнинг ўрни юксаклигини таъкидлади.
АКТ вазири бугунги кунда ҳар қандай давлат фаровонлигининг юксалиши бевосита инсон капиталига, мамлакат ичида шахснинг ўзини ўзи англаш имкониятларига боғлиқлигини таъкидлади. Ёшлар ўз иқтидорларини рўёбга чиқариши ва намоён этишлари учун “Бир миллион ўзбек дастурчилари” ҳамда mGovAward Республика танловлари катта имконият эшигини очганини айтиб ўтди.
Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда амалга оширилган “Бир миллион ўзбек дастурчилари” лойиҳаси доирасида ҳозирда 2,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик ўғил-қизлар махсус онлайн портал ёрдамида рақамли кўникмалар ва дастурлаш асосларини ўрганмоқда.
Шунингдек, IT Парк директори ўз чиқишида тадбир меҳмонларига ташкилотнинг сўнгги уч йил давомида эришган ютуқлари ҳақида сўзлаб берди, шу билан бирга, БПО мактаблари ва БПО марказлари фаолияти, IT-аутсорсинг ва IT-експортнинг янада жадал ўсишда давом этаётганини айтиб ўтди.
Ўз навбатида, “Plug and Play” корпоратив ҳамкорлик ва бизнесни ривожлантириш бўйича менежери Feliks Lammers ўз чиқишида Ўзбекистонда ўз ваколатхонаси очилганини эълон қилди. Шунингдек, компания вакиллари дунёдаги энг йирик стартап акселератори фаолияти, уларга сармоя киритиш учун стартапларни танлаш жараёни, Ўзбекистонда венчур инвеститсия бозорини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида сўзлаб берди.
Конференция доирасида mGovAward танлови ғолибларини тақдирлаш ва IT Парк мукофотларини топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди.
mGovAward ёш ғолибларини АКТ вазири Шерзод Шерматов ва БАА давлат хизматлари сектори раҳбари Муҳаммад Бин Таля топширди.
Танлов ҳакамлар ҳайъати қарори билан ғолиблар эълон қилинди:
1 ўрин – “Tahrirchi” лойиҳаси (таълим йўналиши бўйича)
2 ўрин – “Ekoportal” лойиҳаси (екология ва яшил энергия)
3 ўрин - ”Lalu loyihasi” (саломатлик).
Шунингдек, қуйидаги энг фаол ҳамкорлар IT Парк мукофотини қўлга киритишди:
1. “Йилнинг энг яхши IT иш берувчиси” номинацияси – EPAM Systems
2. “Йилнинг энг яхши IT экспортчиси” номинацияси- WEBSALE-DISTRIBUTION
3. “Ажойиб IT инноватори” номинацияси– Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЙХҲТ)
4. “IT-таълим бўйича энг яхши иштирокчи” номинацияси– PDP IT-ACADEMY
5. “IT-саноат тарафдори” номинацияси– Юлия Яковлева, Эхадел Узбекистан директори.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги