Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инновацион ривожланиш вазири Ромитан инновацион туманида амалга оширилган ишлар билан танишди
2022-07-26 | Инновация
Инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов Бухоро вилояти Ромитан туманига ташриф буюрди. Ташриф давомида Ромитан инновацион ҳудудида амалга оширилаётган ишлар, инновацион лойиҳалар ҳолати ўрганилди.
Жумладан, «Турон комплект» МЧЖ томонидан амалга оширилаётган «Тескари осмос технологияси сув фильтрларини ишлаб чиқариш» лойиҳаси доирасида бажарилаётган ишлар кўздан кечирилди. Ушбу лойиҳа Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 1338,62 млн. сўмга молиялаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда лойиҳа тўлиқ ишга туширилган ва 907 млн. сўмлик маҳсулот сотилишига эришилди. Бундан ташқари, маҳсулотларни Қозоғистон Республикасига экспорт қилиш бўйича 250 млн. сўмга яқин экспорт шартномалари имзоланган.
Инновацион ривожланиш вазири корхонани ўрганиш жараёнида уни ривожлантириш бўйича ўз фикрлари ҳамда таклифларини айтиб ўтди.
Шу билан бирга, И.Абдураҳмонов «Марв Имкон» МЧЖнинг антисиффон функциясига эга эмитторли томчилаб суғориш ленталарини ишлаб чиқариш корхонасига ташриф буюриб, бу ерда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Мазкур лойиҳа умумий қиймати 2575,0 млн. сўм бўлиб, вазирлик томонидан ажратилган маблағ 1425 млн. сўмни ташкил этади. Бугунги кунда корхона томонидан 400 млн. сўмлик тайёр маҳсулотлар кластер ва фермерларга сотилишига эришилди ҳамда амалиётда ўзининг самарадорлиги билан деҳқонлар томонидан юқори баҳоланмоқда.
Инновацион ривожланиш вазири мазкур технологияли томчилаб суғориш ленталарини айнан пахтачиликда ва иссиқхона хўжаликларида кенг жорий қилиш бўйича ўз тавсияларини берди ҳамда ушбу лойиҳанинг келгусида ривожлантириш йўналишларини белгилаб берди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ҳозирги кунда ушбу корхоналарда 18 та янги ишчи ўринлари яратилди ҳамда маҳалладаги ёшлар дафтарига киритилган ёшлар иш билан таъминланган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги