Ёшларни АКТ га жалб қилиш ва уларни қўллаб-қувватлашда БАА билан ҳамкорлик лойиҳаларини давом эттиришга келишиб олинди
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов “Аструм” IT академиясида Бирлашган Араб Амирликлари делегацияси билан учрашув ўтказди.
Ушбу учрашув делегатсиянинг “IT Park Rewind 2022” тадбирида иштирок этиш доирасида ташкил этилди.
Учрашувда БАА билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва уларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, АКТ вазири БАА томонидан mGovAward халқаро танловини амалга оширишда бевосита иштирок этгани ва қўллаб-қувватлаганини алоҳида эътироф этди.
Мамлакатда ёшларнинг салоҳиятини юксалтириш, икки давлат ўртасида IT компаниялар билан ҳамкорликда ишлаш, АКТ га ёш ўғил-қизларни кўпроқ жалб қилиш учун келгусида ҳам ана шундай лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга келишиб олинди.
Учрашув сўнгида томонлар ахборот технологиялари соҳасида Ўзбекистон ва БАА ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича улкан салоҳият мавжудлигини ҳамда бу борада барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги