Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Кимё саноати кўргазмаси ўз ишини бошлади
2022-07-26 | Иқтисодиёт
Инновацион ривожланиш вазирлигида «Ўзкимёсаноат» АЖ тармоқ корхоналарининг инновацион маҳсулотлари кўргазмаси бошланди. Мазкур кўргазмада «Ўзкимёсаноат» АЖ тармоқ корхоналари томонидан сўнгги 5 йилда инновацион лойиҳалар доирасида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар намуналари намойиши, илмий ёндашувни талаб этадиган лойиҳалар, корхоналар ва уларнинг инновацион фаолияти юзасидан тақдимотлар ўтказилмоқда.
Ҳозирда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида кимё фанлари, кимёвий технологиялар ва нанотехнологиялар фанлари бўйича умумий молиялаштириш ҳажми 89,3 млрд сўм бўлган жами 57 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳаларнинг 35 таси олий таълим муассасаси ва 23 таси эса илмий ташкилотларга тўғри келади. Лойиҳалардан кўзланган мақсад «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти ва унинг тизимида фаолият юритаётган ишлаб чиқариш корхоналарининг илмий ечимини кутаётган муаммоларни ечишдир.
Кўргазма доирасида «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти тизимидаги 4 та ишлаб чиқариш корхоналари – «Фарғонаазот» АЖ, «Деҳқонобод калий заводи» АЖ, «Навоийазот» АЖ, «Қўнғирот сода заводи» МЧЖ ҚК вакиллари ўз илмий ечимини кутаётган муаммоли масалалар юзасидан тақдимот ўтказдилар. Шунингдек, Тошкент кимё-технология институти, Полимерлар кимёси ва физикаси институти, Навоий давлат кончилик институти олимлари ва тадқиқотчилари соҳага оид давлат буюртмаси асосида бажарилган илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида молиялаштирилаётган илмий лойиҳалар ҳаиқда батафсил маълумотлар бердилар.
Тадбирдан кўзланган мақсад илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциясини ривожлантириш ҳисобланади. Тадбир якуни билан келгусида бажарилиши лозим бўлган чора-тадбирлар юзасидан йўл харита шакллантирилади.
Кўргазма 2022 йилнинг 27 июль кунига қадар давом этади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги