Самарқандда Бутунжаҳон жамиятининг “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори” VI Халқаро конгресси бўлиб ўтмоқда
Тадбир Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда 10 дан ортиқ халқаро ва 5 та миллий ташкилотлар кўмагида ташкил этилди.
Конгресснинг асосий воқеаси — “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” (51-60 жилд) туркумидаги 10 та янги китоб-альбомлар тақдимоти бўлиб ўтди. Шундай қилиб, 25 дан ортиқ давлатдан 350 та олимлар, дунёга машҳур 100 кутубхона ва музейлар китоб-альбомлар серияси устида ишлаган тўплам 60 жилдга етди.
Франция Миллий кутубхонасида сақланадиган ноёб қадимий қўлёзманинг тарихий аҳамияти ва ҳақиқийлиги шубҳасиз. Конгрессда ана шу қадимий қўлёзманинг ноёб нашри тақдимоти ҳам ўтказилди. Европанинг етакчи нашриёт уйларидан бири Mueller & Schindler ўзбек заминининг буюк ўғли, мунажжим Мирзо Улуғбек буюртмаси билан яратилган ноёб қўлёзма факсимилини намойиш этди.
Конгрессда, шунингдек, “Халқларни бирлаштирувчи мерос” каби мавзуларда “Марказий Осиё ва Озарбайжон”, “Жаҳон жамияти учун янги йўналишлар: режалар ва истиқболлар”, “Миллий музейлар ва тўпламлар Жаҳон жамияти диққат марказида” каби давра суҳбатлари ҳам бўлиб ўтди.
Бундан ташқари, Конгресс доирасида Ўзбекистон санъатига оид иккита ноёб китоб: “Орол ва Аму қирғоқларида. Қорақалпоқ санъати” ва “Безак: эстетика, сеҳр, маъно” китоблари ҳам тақдим қилинди.
Шу билан бир қаторда Самарқанд шаҳридаги Ёшлар ижод саройида “Ўзбекистон маданий мероси замонавий илм-фан диққатида” мавзусида халқаро илмий конференция ҳам ўтказилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги