Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Очиқликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш комиссиясининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди
2022-07-22 | Сиёсат
Мазкур комиссия жорий йил 14 июнь куни имзоланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ тузилган бўлиб, устувор вазифаси давлат органлари ва ташкилотларининг Очиқлик индексини баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш ҳамда Очиқлик индекси бўйича якуний қарор қабул қилувчи орган ҳисобланади.
Шунингдек, комиссия вазифаларига очиқликни таъминлаш соҳасида амалга оширилган ишлар ва режалаштирилган янги лойиҳаларни кўриб чиқиш, ижросини муҳокама қилиб бориш ҳамда уларни амалга ошириш юзасидан амалий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, таҳлиллар ва кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш асосида очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар кўламини кенгайтириш, сифатини ошириш ва долзарблигини таъминлаш чора-тадбирларини белгилаш киритилган.
Комиссия таркибига, Фармонга мувофиқ, баҳолаш фаолиятида бевосита иштирок этадиган вазирлик ва идораларнинг ходимларидан ташқари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ҳам киритилган. Тадбирнинг очилиш маросимида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А.Бурханов комиссия олдига қўйилган вазифалар, уларни самарали амалга оширишда эътиборга олиниши лозим бўлган муҳим жиҳатлар ҳамда Очиқлик индекси бўйича якуний қарор қабул қилишда қонунийлик, бетарафлик, холислик ва ишончлилик тамойилларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш лозимлиги хусусида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг Комиссиянинг биринчи мажлиси кун тартибига киритилган масалалар доирасида унинг шакллантирилган аъзолари таништирилиб, Комиссия раиси ва унинг тезкор фаолиятини олиб борувчи котиби номзодлари кўриб чиқилиб, тасдиқланди.
Бундан ташқари, мажлисда Баҳолаш комиссиясининг 2022 йил учун Очиқлик индексини ҳисоблаш фаолияти бўйича чора-тадбирлар режаси кўриб чиқилиб, тасдиқланди.
Таакидландики, Чора-тадбирлар режаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ154-сон Фармонида белгилаб берилган топшириқлар ижросини комплекс ёндашув асосида тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли таъминлашга қаратилган бўлиб, унда ҳар бир баҳолаш фаолиятида иштирок этадиган давлат органлари олдига қўйилган вазифалар, ижро этиш муддат ва механизмлари, шунингдек, мувофиқлаштириб бориш усуллари аниқ белгилаб берилган.
Комиссия мажлиси кун таркибига киритилган сўнгги масала давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида Очиқликни таъминлаш ва очиқ маълумотлар тўпламини эълон қилишда йўл қўйилаётган тизимли камчиликларнинг муҳокамасига бағишланди.
Маърузачилар томонидан ўтказилган ўрганиш ва масофавий мониторинг натижалари бўйича аниқланган ҳолатлар атрофлича муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш ва олдини олиш борасида таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Эслатиб ўтамиз, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан йил якунида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналарида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси эълон қилинади.
Унга кўра, 8 та индикатор бўйича энг юқори балл тўплаган ташкилотлар рағбатлантирилади, салбий кўрсаткич қайд этганларининг эса жавобгарлик масаласи ҳал этилади.