Корея Республикаси билан икки томонлама молиявий-техник ҳамкорлик доирасида қўшма лойиҳаларни амалга оширилиши муҳокама қилинди
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Корея Республикаси билан молиявий-техник ҳамкорликни муҳокама қилишга бағишланган анʼанавий йиллик мулоқот бўлиб ўтди. Тадбирда Корея Республикаси томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Эксимбанк вакиллари иштирок этди.
Бугунги кунда соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва кимё саноати соҳасида Корея Республикасининг узоқ муддатли имтиёзли кредитлари ҳисобидан молиялаштириладиган умумий қиймати 548 миллион доллардан ортиқ бешта лойиҳани ҳаётга жорий қилиш бўйича фаол саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Учрашув чоғида Корея Республикаси билан Корея Эксимбанкининг Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси (ЕДCФ) имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ҳозирги ҳолати кўриб чиқилди.
Хусусан, 2022 йилга мўлжалланган 383 миллион долларлик “Тиббий кластерни яратиш” ҳамда қиймати 198,6 миллион долларга тенг бўлган “Ташкент Пҳарма Парк” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерининг илмий-тадқиқот ва ўқув компонентларини яратиш” каби устувор лойиҳалар бўйича навбатдаги тадбирлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, томонлар қарз битимларини имзолашдан олдинги тартиботларни соддалаштириш имкониятларини муҳокама қилдилар ҳамда минтақавий автомобил ва темир йўл қатновларини ривожлантириш ва соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш каби ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини белгилаб олдилар.
Мулоқот якунида 2022-2024 йилларга мўлжалланган истиқболли лойиҳалар рўйхати келишиб олинди, шунингдек уларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги