Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида
2022-07-21 | Маданият
Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг навбатдаги йиғилишида “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлашда Маданият вазирлиги, Фарғона ва Наманган вилоятлари ҳокимликлари раҳбарларининг масъулияти тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.
Йиғилишда маданият вазири О.Назарбеков, Фарғона вилояти ҳокими Х.Бозаров, Наманган вилояти ҳокими Ш.Абдураззоқов, масъул вазирлик ва идоралар раҳбарлари Президентимиз ташаббуси билан маданият соҳасини ривожлантириш учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, таълим тизими, шунингдек, театр ва опера йўналишларидаги ислоҳотлар самаралари тўғрисида сўз юритдилар.
Таъкидланганидек, янги Ўзбекистонни барпо этишда маданият ва санъат соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, унинг ривожланиши ва юқори босқичга кўтарилиши ҳамда миллий маданиятимизни жаҳонга танитиш йўлида бир қатор тизимли ишлар амалга оширилди. Жумладан, соҳа ходимлари мақомини ошириш мақсадида 15 апрель Маданият ва санъат ходимлари куни этиб белгиланди.
2021 йил 20 январдан кучга кирган “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонун маданий фаолият соҳасидаги давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда муҳим омил бўлмоқда.
Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепцияси, давлатимиз раҳбарининг “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати тасдиқланди, маданиятимизни жаҳонга кенг танитиш мақсадида мақом ва бахшичилик санъати йўналишида халқаро мусиқа анжуманлари, Халқаро ҳунармандлик фестивали ўтказилиши йўлга қўйилди.
Бугунги кунда соҳа ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган Ўзбекистон давлат филармонияси, Ўзбек миллий мақом санъати ва Бахшичилик санъати марказлари, Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси, “Баҳор” давлат рақс ансамбли, ҳудудларда намунавий мақом ва бахшичилик ансамбллари фаолият кўрсатмоқда.
Маданият ва санъат соҳасида етук кадрлар тайёрлаш мақсадида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, Ўзбекистон давлат хореография академияси Урганч филиали, Республика мусиқа ва санъат коллежи, Нукус опера ва бахшичилик мактаби, Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти ташкил этилди.
Шу билан бирга, вазирлик тизимида ижро интизомини мустаҳкамлаш, танқидий таҳлил ва қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқиш тизимини такомиллаштириш, қабул қилинган қонунлар, Ўзбекистон Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва топшириқларини рўйхатга олиш, уларнинг тегишли масъул шахслар ва ходимларга етказилишини таъминлаш, ижросини ўрганиш, назорат қилиш бўйича аниқ тизим йўлга қўйилган.
Қабул қилинаётган ҳужжатлар ва топшириқлар ижросини ўз вақтида назорат қилиш, эришилган пировард натижалар ва йўл қўйилган камчиликлар сабабларини аниқлаш, қолаверса, “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимида ўз вақтида ҳисобот берилишига алоҳида эътибор қаратилмокда. Жумладан, жорий йилнинг июнь ойида “Ijro.gov.uz” тизими орқали вазирликка 118 та топшириқ келиб тушди. Шундан 117 таси ўз вақтида, биттаси муддатидан ўтиб бажарилди.
Бу жараёнда масъулиятни ҳис қилмаган, берилган топшириқларни ўз вақтида бажармаган, хато ва камчиликларга йўл қўйган ходимларга ҳам қатъий чоралар кўрилмоқда.
Масалан, шу кунга қадар соҳанинг 4 нафар ходимига интизомий жазо чоралари қўлланилган. Йиғилишда соҳада ютуқлар билан бирга ўз ечимини кутаётган айрим масалалар борлиги, масъул вазирлик ва идоралар ҳамкорликда бу борада аниқ чора-тадбирларни амалга ошириши зарурлиги таъкидланди. Хусусан, ёшларни маданият ва санъатга ошно этиш, уларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун қулай шароит яратиш лозим.
Шунингдек, маданият марказларида ҳудуддаги ёшларнинг қизиқишини ҳисобга олган ҳолда эмас, балки мусиқа ўқитувчиси қайси чолғу бўйича мутахассис бўлса, шу йўналишда тўгараклар ташкил этиб келинган. Шу боис, йиғилишда аҳоли эҳтиёжлари ва ёшларнинг қизиқишини инобатга олган ҳолда, тўгараклар фаолиятини қайта кўриб чиқиш ва ташкил этиш, маданият ва санъат соҳасига хусусий инвестицияни кенг жалб қилиш чораларини кўриш зарурлиги қайд этилди.
Бугунги кунда 500 дан ортиқ маданият маркази, 50 га яқин истироҳат боғи таъмирталаб. Ушбу масканларни замон талаблари асосида такомиллаштириш учун давлат-хусусий шериклик имкониятларидан самарали фойдаланиш борасида фикрлар билдирилди. Раёсат йиғилишида Ўзбекистон Президенти ва ҳукуматининг маданият соҳасида 2021-2022 йилларда қабул қилинган қарорлари ижроси ҳолатини ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлар режаси тасдиқланди.
Манба: «Янги Ўзбекистон»