Ўзбекистон Республикасининг Греция Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси (қароргоҳи Рим шаҳрида) Отабек Акбаров Афина шаҳрида Греция ташқи ишлар вазири Никос Дендиас билан учрашди.
Учрашувда умумий кун тартибидаги барча йўналишлар бўйича Ўзбекистон – Греция муносабатларининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Н.Дендиас Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Греция Ўзбекистон билан икки томонлама ва кўп томонлама масалалар бўйича мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор.
Бўлажак қўшма тадбирларнинг кун тартиби ва жадвали, хусусан, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси, Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда ўзаро манфаатли бўлган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги