Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор бўйича маълумот

2022-07-20 | Иқтисодиёт

Республикамиздаги хотин-қизларнинг таълим олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг илмий салоҳияти ва малакасини тизимли ошириб боришни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар доирасида Давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йил 18 июлда “Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-323 сонли қарори имзоланди.

Мазкур қарорга мувофиқ республикадаги барча хусусий, хорижий ва давлат олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида тўлов-контракт асосида таълим олаётган хотин-қизларга фоизсиз таълим кредитларини тақдим этиш тизими жорий этилмоқда.
 
Бунда, тижорат банклари томонидан талаба қизлар учун 14 фоизли ставкада имтиёзли кредитлар расмийлаштирилади ҳамда фоиз тўловлар Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига қоплаб берилади. Таълим кредитининг фақат асосий қисми талаба томонидан унинг расмий ўқиш муддати тугаганидан кейин еттинчи ойдан бошлаб 7 йил мобайнида қайтарилади.
 
Масалан, олий таълим муассасасининг 1 босқичида ўқиётган талаба қиз имтиёзли таълим кредитини олса, ушбу кредитнинг бутун даври – 11 йил мобайнида фоиз ставкалари давлат бюджетидан қоплаб борилади, кредитнинг асосий қисмини қайтариш талаба томонидан у олий таълим муассасини тугатгандан кейин (олти ой ўтиб) 7 йил давомида ойма-ой бўлинган ҳолда қайтарилади.
 
Маълумот учун: имтиёзли таълим кредитини расмийлаштириш учун қуйидагилар талаб этилади:
 
- имтиёзли таълим кредити олиш тўғрисидаги тижорат банкига ариза;
 
- кредит олувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати;
 
- таълим муассасасининг тўлов-контракт шартномаси;
 
- кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари (ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, турмуш ўртоғи) ёки учинчи шахс биргаликда қарз олувчининг тижорат банкининг кредит сиёсати ва ички тартибига мувофиқ имтиёзли таълим кредити қайтарилишининг таъминоти бўйича ҳужжат.
 
Бунда, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га кирган оилаларнинг хотин-қизларига ажратиладиган имтиёзли таълим кредити бўйича гаров ва кафиллик талаб этилмайди.
 
Имтиёзли таълим кредити табақалаштирилган тўлов-контрактни ва табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорига тенг бўлган бир марталик бошқа тўловларни амалга ошириш учун ҳамда қўшма таълим дастурларининг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ўқиш даври учун ажратилмайди.
 
Бундан ташқари, кўплаб фуқаролар томонидан билдирилган таклифлар инобатга олинган ҳолда қарорга мувофиқ профессионал таълим муассасалари ҳамда таълим муассасаларининг сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқиётган талабалар учун ҳам имтиёзли таълим кредити ажратилиши йўлга қўйилмоқда.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

Поделиться