Жорий йилнинг 18-19 июль кунлари Грузия ҳукумати делегацияси расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.
Тошкент шаҳрида 19 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Грузия Бош вазири Ираклий Гарибашвили бошчилигидаги ҳукумат делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Грузия Ўзбекистоннинг Жанубий Кавказдаги муҳим савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади.
Учрашувда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини сезиларли даражада ошириш учун етарли салоҳият борлиги, мазкур йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтириш кераклиги қайд этилди.
Таъкидланганидек, томонлар саноат кооперациясини ривожлантириш учун яхши имкониятларга эга.
Транспорт-логистика соҳасида ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Мамлакатларимизнинг юқори транзит салоҳияти мавжуд.
Учрашувда Ўзбекистон томони “Баку-Тбилиси-Карс” темир йўли ҳамда “Поти” ва “Батуми” портлари орқали мультимодал транспорт ташишлардан фойдаланишни кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди.
Ўтган йили мамлакатларимиз пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри мунтазам авиақатновлар тикланди.
Бу ўзаро туристлар оқимини оширишга хизмат қилмоқда. Грузия Ўзбекистон фуқаролари учун машҳур сайёҳлик йўналишларидан бирига айланиб бормоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий мероси Грузия фуқароларини ўзига жалб қилади.
Грузия делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида пойтахтимиздаги вазиятларни баҳолаш маркази, “Humo Arena” мажмуаси фаолияти билан яқиндан таништирилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазиринг Матбуот хизмати