Жорий йилнинг 19 июль куни Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари-инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Эрон Ислом Республикаси фан ва инновациялар бўйича вице – президенти Сурен Сатторий билан учрашди.
Мулоқот чоғида сўнгги йилларда Ўзбекистон-Эрон савдо ҳамкорлигининг самарадорлиги ва ўсиш суръатлари ижобий баҳоланди. Жумладан, 2021 йилда товар айирбошлаш ҳажми 73% га ошди ва 430 миллион доллардан кўпайди. 2022 йилнинг биринчи яримида ушбу кўрсаткич 239 миллион долларга этди. Ўзаро манфаатли асосда етказиб берилаётган товарлар ва хизматлар турларини кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Мамлакатларимиз ўртасида инвестициявий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Айни пайтда Ўзбекистонда Эрон капитали иштирокидаги 366 корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўзаро муштарак манфаатлар ва давлат томонидан кўрсатилаётган ёрдам алоқаларни кенгайтириш, замонавий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, янги саноат корхоналарини яратиш учун қулай шарт-шароитларни яратади. Натижада, 2022 йилнинг 6 ойида мамлакатимизда Эрон томони билан ҳамкорликда ташкил этилган яна 69 та янги корхона рўйхатга олинди.
Мулоқот чоғида томонлар янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш, стартапларни қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш, қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтдилар.
Мисол тариқасида, Эрон томони эр ости сувли қатламларидан сув олиш ва тозалаш учун янги технологияларни баҳам кўришга қизиқиш билдирди.
Мева-сабзавотчилик соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилган қатор ҳужжатлар келишувини жадаллаштириш, шунингдек, пахтачилик ва ғаллачилик йўналишлари бўйича махсус ўқув курсларини ташкил этишга келишиб олинди.
Учрашув якунида томонлар эришилган келишувларни амалда рўёбга чиқарилиши икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ривожига қўшимча туртки беришига ишонч билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги