Нукус гарнизонидаги энг олис ҳарбий қисмлардан бирида хизмат бурчини ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоялаш, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, турмуш тарзини яхшилаш, хизмат сифатини янада ошириш мақсадида самимий мулоқотга бой давра суҳбати ташкил этилди.
Унда Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник Ҳамдам Қаршиев, вазирлик ва Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги масъул офицерлари, Қуролли Кучлар фахрийлари, Нукус тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда “Тақиркўл” овул фуқаролар йиғини фаоллари иштирок этди.
Самимий кечган давра суҳбати давомида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, ишчи хизматчиларнинг муаммо ва таклифлари тингланди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишимиз керакки, сўнгги йилларда Нукус гарнизонидаги олис ҳудудда жойлашган ушбу ҳарбий қисм ва унга ёндош ҳарбий шаҳарчада ҳарбий оилаларнинг яшаш шароитларини яхшилаш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлаш борасида етарлича шарт-шароитлар яратиб берилди.
Хусусан, ҳарбий қисмнинг Маънавият ва маърифат марказида ҳарбийларнинг фарзандлари учун волейбол, баскетбол, шахмат-шашка, инглиз ва рус тиллари ҳамда ижтимоий ва аниқ фанларга йўналтирилган тўгараклар фаолият кўрсатмоқда. Ҳарбий шаҳарчадаги 12-сонли мактабгача таълим муассасасида эса ҳарбийлар ва овулдаги фуқароларнинг фарзандлари тарбияланмоқда. Шунингдек, суҳбат давомида ҳарбийларнинг турмуш ўртоқларини иш билан таъминлашда ҳам сезиларли натижаларга эришилгани алоҳида эътироф этилди.
Очиқ ва самимий руҳда кечган учрашув ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари томонидан қилинган мурожаатларнинг жойида ижобий ҳал этилгани билан аҳамиятли бўлди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги