2022 йил 19 июль куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов Грузия ташқи ишлар вазири Илия Дарчиашвили билан учрашув ўтказди.
И.Дарчиашвили Грузия Бош вазири Иракли Гарибашвили бошчилигидаги делегация таркибида мамлакатимизга келган.
Музокаралар чоғида Грузия ташқи ишлар вазири мамлакатимизда Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирларни юқори баҳолади. Грузиянинг Ўзбекистон билан барча соҳаларда кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори эканлиги таъкидланди. Томонлар давлатлараро ҳамкорликнинг долзарб масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар. Сиёсат, иқтисодиёт, транспорт, туризм ва маданият соҳаларидаги алоқаларни жадаллаштириш бўйича аниқ таклифлар кўриб чиқилди.
Транспорт-транзит соҳасида ўзаро ҳамкорлик учун салмоқли салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Хусусан, Ўзбекистон логистика марказлари ва Грузия денгиз портларидан товарларни экспорт қилиш ва импорт қилишда самарали фойдаланиш, юкларни ташишда ўзаро аснода чегирмалар ва имтиёзлар бериш, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказни боғлайдиган транспорт йўлаклари тизимини яратиш юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди. Томонларнинг халқаро институтлар доирасидаги ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлиги таъкидланди.
Маданий-гуманитар алмашинувларни жадаллаштириш мақсадида Ўзбекистон ва Грузия маданият ва кино кунларини ўтказиш, шунингдек, биргаликда илмий-техник тадқиқотларни амалга ошириш бўйича келишиб олинди. Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси ва Грузия Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2022-2024 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастури имзоланди.
****
Музокаралар натижалари Ўзбекистон ва Грузия ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг ОАВ вакиллари учун матбуот учун баёнотида эълон қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги