Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Коррупцияга қарши курашишда аёлларнинг роли ва фаоллиги оширилади
2022-07-18 | Жамият
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг (БМТ ТД) Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашишда хотин-қизларнинг ролини кучайтириш ва фаоллигини ошириш” мавзусида тренинг ташкил этилди.
Унда 40дан ортиқ идора ва ташкилотларнинг 100 нафарга яқин вакиллари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимларининг ўринбосарлари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиқлари иштирок этди.
Тренинг машғулотлари давлат органлари вакиллари билан бир қаторда, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирокида ўтказилди.
Маълумот учун: Мазкур тренинг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда БМТ ТД ўртасида “Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ролини ошириш мақсадида фуқаролик жамиятини ҳамда аёллар ва ёшлар овозини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида амалга оширилди. Лойиҳада хотин-қизларни коррупцияга қарши курашишга жалб этиш ва бу жараёнда уларнинг салоҳиятини ошириш кўзда тутилган.
Тренингдан кўзланган асосий мақсад - давлат органлари ва ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган хотин-қизларнинг, шунингдек, жамоатчилик фаоллари ва блогерларнинг мамлакатда коррупцияга қарши курашишдаги ўрни ва фаоллигини ошириш, ушбу йўналишда аёлларнинг билим-салоҳиятини кучайтириш ва тегишли усул ва воситалар ҳақида хабардор қилиш ва уларни амалиётта қўллаш масалаларини атрофлича муҳокама қилишдан иборат. Тренингда таъкидланганидек, кўплаб жамиятларда аёллар мунтазам равишда коррупция билан боғлиқ муаммоларга дуч келади, афсуски, таълим, соғлиқни сақлаш ва давлат хизматларидан фойдаланишда маиший коррупция ҳолатлари ҳамон тез-тез учраб туради. Бундай ва бошқа коррупциоген холатларнинг самарали олдини олиш мақсадида хотин-қизларнинг мазкур йўналишда билимларини ошириш, тегишли усул ва воситалардан фойдаланиш ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш орқали жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришни тақозо этмоқда.
“Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ролини ошириш мақсадида фуқаролик жамиятини ҳамда аёллар ва ёшлар овозини мустаҳкамлаш” лойиҳаси айни шу мақсадда ишга туширилди ва мазкур тренинг бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Тренинг машғулотлари “Transparency International” ташкилотининг халқаро экспертлари Aлена Вандышева, Aндрей Жвирблис томонидан олиб борилди. Давлат органлари вакиллари учун ташкил этилган тренингларда иштирокчиларга коррупцияга қарши курашиш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда аёлларнинг роли, коррупцияга қарши курашиш ва жамиятни жалб қилишда жамоавий ҳаракатлар хусусида батафсил маълумот берилди ҳамда айни йўналишларда интерактив машғулотлар ўтказилди.
Шунингдек, давлат ҳокимияти, очиқ маълумотлар, жамият ва давлат ўртасидаги ҳамкорлик ва бу борада илғор тажрибалар таҳлил қилинди.
Бизнес ва нотижорат ташкилотлари учун коррупцияга қарши воситалар, бунда жамоатчилик назорати имкониятлари кўриб чиқилди.
ННТ, ОАВ вакиллари ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирокидаги тренингда эса коррупцияга қарши курашишда илғор тажриба ва самарали воситалар, мазкур жараёнга жамоатчилик вакилларини жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди. Коррупцияга қарши курашиш лойиҳалари самарадорлигини баҳолашдаги ёндашувлар, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашишда манбалар билан ишлаш, маълумотларни текшириш ва жамоатчилик билан ҳамкорликка оид тақдим этилган маълумотлар ҳам иштирокчилар учун фойдали бўлди.
Тренинг якунида иштирокчиларга Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда БМТ ТД томонидан сертификатлар топширилади.