Халқаро муносабатлар ва халқаро иқтисодий муносабатлар, сиёсатшунослик ва халқаро ҳуқуқ йўналишлари бўйича таҳсил олган 195 нафар йигит-қиз олий ўқув юрти дипломини қўлга киритдилар.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов, ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев ва Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари сўзга чиқиб, битирувчиларни ҳаётидаги муҳим босқични якунлагани билан табриклади ҳамда уларнинг касбий фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Қайд этилганидек, Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мезонлари сифатида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, истеъдод ва қобилиятини роёбга чиқариш каби вазифаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу масала давлатимиз раҳбарининг доимо диққат марказида бўлиб, айнан навқирон авлод вакиллари Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс даври бунёдкорлари саналишади.
Маълум қилинганидек, бугунги кунда Ташқи ишлар вазирлиги марказий аппарати ходимларининг 40 фоиздан ортиғи ЖИДУ битирувчилари ташкил этади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари раҳбарларидан 12 нафари Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган.
Мамлакатимиз манфаатларини халқаро миқёсда самарали илгари суриш бўйича Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига юкланган мамлакатимиз манфаатларини халқаро майдонда самарали илгари суриш, хорижий шериклар билан фаол ҳамкорлик қилиш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш каби вазифаларнинг сифатли бажарилишини фақат билимли, юқори малакали, иқтидорли ва ҳар томонлама ривожланган юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга мутахассисларгина таъминлаши мумкинлигига алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан бўлажак дипломатларга доимий равишда ўз устида ишлаш, билим, тажриба ва малака оширишга интилиш, инноватсион услубларини татбиқ этишга чақирилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги