Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Туркманистон: ҳуқуқий ҳамкорлик янги босқичда
2022-07-16 | Жамият
Ўзбекистон ва Туркманистон савдо-иқтисодий, ижтимоий ва бошқа соҳаларни ривожлантириш бўйича яқин ҳамкор ҳисобланади.
Икки давлат ваколатли давлат органлари адлия ва ҳуқуқ соҳасининг турли йўналишлари бўйича ҳам узвий ва самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Туркманистон Адалат вазирлиги ўртасида ҳуқуқий соҳадаги муносабатларни янада жадаллаштиришга қаратилган 2022-2023 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастури имзоланди.
Ҳамкорлик дастурига мувофиқ яқин истиқболда Туркманистон билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ҳамда уларнинг ижроси бўйича мониторингни олиб бориш, давлат органларида қонун ижодкорлигини рақамлаштириш, ФҲДЁ органлари фаолиятини такомиллаштириш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш, юридик кадрлар малакасини ошириш мақсадида Туркманистон Адалат вазирлиги билан ўзаро стажировкаларни ташкил этиш, ҳуқуқ ва адлия соҳаларида ўзаро ҳамкорликда бошқа тадбирларни ўтказиш режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Туркманистон Адалат вазирлиги ўртасида имзоланган ушбу ҳужжат ҳуқуқий соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг натижадорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова
Манба: ЎзА