Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг 14 июль куни Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркманистон Ҳукумати ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.
Мазкур битим кучга кирган кундан бошлаб бундан аввалгилари, яъни 1996 йил 16 январдаги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркманистон Ҳукумати ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим ва 2009 йил 25 февралдаги Ўзбекистон Республикаси «Ўзбектуризм» миллий компанияси ва Туркманистон туризм ва спорт бўйича давлат қўмитаси ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўз кучини йўқотади.
Ҳужжатда томонлар “Буюк Ипак йўли”, “Бир саёҳат - бутун минтақа” ва бошқа қўшма туристик маршрутлар ҳамда брендларни илгари суришга қаратилган халқаро конференциялар, форумлар, семинарлар ва кўргазмалар ташкил этиш ҳамда оммавий ахборот воситаларида нашрлар чоп этиш белгиланган. Битим оммавий ахборот воситаларида реклама компанияларини ўтказиш, таништирув саёҳатлари ва кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда туризм соҳаси вакиллари учун малака оширишларни ташкил этиш, маълумотлар алмашиниш, мавжуд комби (қўшма) туристик йўналишларни янада ривожлантириш ва янгиларини ишлаб чиқиш, шунингдек, трансчегаравий туристик алмашинувни ривожлантириш бўйича келишилган чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган.
Мазкур битимнинг имзоланиши ва амалга оширилиши Туркманистондан Ўзбекистонга туристик оқимни янада кўпайтиришга, Ўзбекистон туристик брендининг Туркманистон бозорида танилишига ва икки мамлакат туризми индустрияси субъектлари ўртасида алоқаларни фаоллаштиришга ёрдам беради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги